“Ўртамиёналар қироли”

“Ўртамиёналар қироли”

Истиқлол бизга кўп соҳалар қатори футболда ҳам мустақилликни тақдим этди.

1992-йилдан буён ўтказилиб келинаётган  Миллий  чемпионат  баҳсларида  жуда кўплаб жамоаларнинг  номлари порлади, қайсиларидир ҳалиям мавжуд, баъзилари эса аллақачон тарих саҳифаларида қолиб кетган. Миллий чемпионатимизнинг дастлабки мавсумида “Нурафшон ” номи билан баҳсларни бошлаган команда  ўзига хос мавқега эга эди. Бухоро вилояти шарафини ҳимоя қилган “Нурафшон” илк турнирда якуний жадвалда тўртинчи бўлди.  Кейинги тўрт мавсум давомида ҳам жамоа кучли бешликдан тушмади : 1993-йилги баҳсларда бешинчи поғонани банд этган бўлса, 1994-йилги чемпионат  клуб тарихида ёрқин из қолдирадиган бўлди : совринли 2-ўрин !

Аммо 1995-йилнинг чемпионати аксинча, жамоа учун “қора доғ” бўлиб қолди. Гарчанд,  бешинчи ўринни эгаллаган бўлса-да, “Янгиер” билан баҳсдан сўнг  жамоага 11 та кетма-кет ўйинда техник мағлубият  ёзилиши , клубнинг  юқори ўринларга даъвогарлик  қилиш имкониятини йўққа чиқарди. Мазкур ҳолатга қарамай, кейинги мавсумда ҳам бухороликлар  яна бешинчи ўринга лойиқ топилдилар. Айнан мана шу мавсум “Нурафшон”нинг  етакчилар қаторидаги  охирги мавсуми бўлди.

1997-йилги мавсумдан бошлаб жамоа номи “Бухоро”га ўзгартирилди. Аммо стадионларда ҳануз “Нурафшон”, “Нурафшон” деган мухлислар ҳайқириғИ янграрди, зеро, янги номга қисқа фурсатда кўникиш осон эмасди. Ушбу ном жамоага оғирлик қилди шекилли, шу билан яқин орада “бешлик”ка қайтиш армонга айланди. Шу тариқа “Бухоро” номи билан янги давр бошланди. Ўтган асрнинг охирги тўрт йилида дастлаб жамоа еттинчи, кейин эса қаторасига уч мавсум олтинчи ўринни эгаллади.

Янги асрнинг дастлабки йилларида мўжиза рўй бермади, 2001-йилда 8-ўрин, 2002-йилда 7-ўринни банд этган клуб том маънода ҳақиқий ўртамиёна жамоага айланиб бўлганди. Аммо 2003 –йилги мавсум янада омадсизроқ чиқди, жамоа 12 –ўринни эгаллади ! Афсуски, ушбу натижа Бухоро футболи тарихидаги дастлабки энг ёмон натижага айланди, зеро, бундан-да тубанроқ натижалар ҳали олдинда эди ! 2004-2007-йилги чемпионат баҳсларида жамоа беқарор ўйин кўрсата бошлади, 2004-йилда 7-, 2005-йилда 12-, 2006-2007 йилларда эса кетма-кет 9-ўринларни эгаллади. Мухлисларнинг ҳам юрак юриши жамоанинг натижалари каби гоҳ кўтарилиб, гоҳ тушиб борарди. Аммо мухлислар ва жамоа учун келгусидаги уч йил ҳақиқий “қора мавсум”ларга айланди. 2008-,2009-йиллардаги мусобақаларда бир хил : 15-ўрин қайд этилганидан сабоқ чиқарилмади, натижада жамоа кейинги – 2010-йилги мавсумни қуйи лигада ўтказиши маълум бўлди. Бу Бухоро футболи учун фожеа эди, вилоят жамоаси ҳалокатга учради… .

Биринчи лигада рақобат деярли йўқлиги, жамоаларнинг молиявий аҳволи ачинарли аҳволда эканлиги “Бухоро”га қўл келди, жамоа навбатдаги мавсумнинг ўзидаёқ, кучлилар сафига қайтди. Лекин ўртамиёналик жамоанинг қонига сингиб кетганди : 2011-йилда 9-, 2012-2013-йилларда кетма-кет 7-ўринни олган клуб ҳали-бери тепага қараб силжимаслиги кундек аён эди, навбатдаги икки мавсумда жамоа элитада қолиш учун кураш олиб борди: 2014-йилда 12-, 2015-йилда эса 14-ўрин !

Яна ишлар орқага кетаётгандек туюлган бир паллада ниҳоят, навбатдаги мавсумда “Бухоро”  1992-йилда қайд этган натижасини такрорлади: 4-ўрин ! 23 йил деганда жамоа бешликка қайтди . Навбатдаги икки мавсумда эса жамоа кетма-кет олтинчи ўрин билан кифояланди. Аммо ўтган мавсумдаги натижалар ҳам қониқарсиз чиқди : жамоа бир амаллаб, охирги турдагина элитада қолишни уддалади.

“Бухоро” футбол клубининг айни пайтгача бўлган статистикаси зўрға “4” баҳога ўқийдиган ўқувчининг натижаларига ўхшайди.  “Аълочи”лар сафига қўшилиш учун яна қанча кутиш керак? Имтиҳонлар бошлансин-чи, кўрамиз.   

Manba: stadion. uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!