Ургутда шифохона ёпилди, чақалоқ йўлда туғилди (видео)

Ургутда шифохона ёпилди, чақалоқ йўлда туғилди (видео)

«Xabar.uz» Ургутда юзлаб ҳомиладор аёллар яшайдиган ҳудуд шифохонасиз қолгани ҳақида мақола эълон қилди. Қуйида мақола тўлиқлигича эътиборингизга ҳавола этилади.

«Бу чақалоқнинг исми Жўрабек. У 2019 йилнинг 3 июнида Ургут туманидаги Бешбулоқ қишлоғида туғилган», — деб бошланади мақола.

Жўрабек Ўзбекистондаги минглаб тенгдошларидан фарқли ўлароқ йўлда, кўчада туғилди. Чунки у яшаётган ҳудуддаги шифохона беш йил муқаддам ёпилиб кетди.

Жўрабек Ургутнинг овлоқ кўчаларида, тунги соат 02:00 да туғилган.

Сифатли тиббиёт ва доя назоратисиз туғилган болаларда нобуд бўлиш ёки касалманд бўлиб қолиш ҳолати кўп учрайди. Айни вақтда шифохонасиз қолган ҳудудда юзлаб ҳомиладор аёллар бор.

Самарқанд вилояти Ургут туманидаги «Ибн Сино» номли 3-сонли шифохона 60 минг аҳолига хизмат кўрсатар эди. Муассасадаги туғруқхона 20 ўрин, болалар бўлими эса 30 ўринга эга бўлган.

Гинекология ва терапия бўлимларида 40 дан ортиқ бемор бир вақтнинг ўзида даволаниши мумкин бўларди. Реанимация бўлими эса оғир ҳолатдаги беморларга зудлик билан ёрдам кўрсатиш даражасида жиҳозланганди.

Шифохонага Жўробтепа, Қиёнли, Эшонработ, Бешкапа, Бекработ, Замбарак, Жозмон, Мирзақишлоқ, Вағашти, Сариқтепа, Камонгарон, Нисавот ва Ипакли қишлоқлари аҳолиси мурожаат қиларди. Энди улар 20 километр масофага қатнашга мажбур.

Ургут туман марказидаги шифохонага етиб боргунга қадар беморлар мана шу йўлдан юришга мажбур. 20 километр масофадаги йўл соғ одамни ҳам касал қиладиган даражада ўйдим-чуқурлардан иборат.

Беморларни гапирмаса ҳам бўлади.

Жўрабек энди 3 ойлик бўлди. У улғайиб, Ўзбекистонга, элига, юртига хизмат қиладиган, баркамол инсон бўлиб вояга етиши учун сифатли тиббиёт керак.

Аммо аҳвол шу тахлит қолаверса, Жўрабек ҳам, у каби минглаб бошқа болалар ҳам турли муаммолар гирдобида улғайишга мажбур.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар


Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади, ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!