Урганчда 28-30 октябрь кунлари математика бўйича халқаро олимпиада ўтказилади

Урганчда 28-30 октябрь кунлари математика бўйича халқаро олимпиада ўтказилади

УРГАНЧ (Turon24) – Аввал хабар берганимиздек, Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида 28-30 октябрь кунлари талабалар ўртасида математика бўйича I халқаро олимпиада бўлиб ўтади. Бу ҳақда "Turon24"га олимпиада ташкилий қўмитаси координатори, физика-математика фанлари номзоди Алимардон Отамуродов маълум қилди.

Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Фан ва технологиялар бўйича доимий қўмитаси ҳамда бошқа халқаро ташкилотлар кўмагида ташкил этилаётган халқаро олимпиадада иштирок этиш учун ҳозиргача 16 мамлакатдан 30 дан ортиқ олий таълим муассасасининг жамоалари расмий рўйхатдан ўтган. Бундан ташқари, турли давлатларнинг 15 ортиқ университети олимпиадада қатнашиш истагини билдирган.

Маълумот ўрнида: иқтидорли ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш ҳамда уларнинг фундаментал ва табиий фанларга қизиқишини ошириш мақсадида ўтказилаётган ушбу олимпиада ғолибларига (Ўзбекистон фуқаролари) математика, физика, ахборот технологиялари йўналишлари бўйича магистратурага квотадан ташқари давлат гранти асосида кириш ҳуқуқи берилади.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг сентябрида Остона шаҳрида бўлиб ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Фан ва технологиялар бўйича биринчи саммитида сўзлаган нутқида ёш математиклар ўртасида халқаро олимпиада ташкил этиш таклифини билдирган эди.

Шундан сўнг 2018 йилнинг 26 августида Вазирлар Маҳкамасининг махсус қарори қабул қилинган, унга кўра олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ҳар икки йилда бир марта математика бўйича Муҳаммад Хоразмий номидаги халқаро олимпиада ташкил этилиши белгиланган эди.

Manba: turon24. uz

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар


Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади, ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!