Ўқишга киролмаганлар учун имконият: 9 та ОТМга қўшимча квоталар берилди

Ўқишга киролмаганлар учун имконият: 9 та ОТМга қўшимча квоталар берилди

 Ўзбекистондаги 9 та ОТМга хорижий ОТМлар билан қўшма таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрлаш учун қўшимча квоталар берилди, деб хабар қилди Спутник Ўзбекистон мухбири Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот-хизматига таянган ҳолда.

Таъкидланишича, Ўзбекистон таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг 2018 йилда 17 сентябрдаги 9-сонли баёни билан 9 та олий таълим муассасасига 2018/2019 ўқув йили учун қабули учун хорижий олий таълим муассасалари билан қўшма таълим дастурлари асосида бакалавр ва магистрлар тайёрлаш бўйича тўлов-контракт асосида қўшимча қабул квоталари тасдиқланди.

Булар: Тошкент давлат техника университети – 75 та (бакалавриат);  Тошкент давлат стоматология институти – 60 та (бакалавриат);  Тошкент кимё-технология институти – 20 та (магистратура);  Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети – 10 та (магистратура);  Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти – 25 та (бакалавриат); Миллий рассомлик ва дизайн институти – 20 та (бакалавриат);  Наманган муҳандислик-технология институти – 60 та (бакалавриат);  Наманган муҳандислик-қурилиш институти – 60 та (бакалавриат) ва Андижон машинасозлик институти – 90 та (бакалавриат – 80 та, магистратура – 10 та).

Қўшма таълим дастурлари асосида бакалавриат ва магистратурага абитуриентлардан ҳужжатлар 2018 йил 25 сентябргача қабул қилинади.

Кириш имтиҳонлари олий таълим муассасалари томонидан 2018 йил 28-30 сентябрь кунлари ўтказилади.

Ўқишга тавсия этилган абитуриентлар учун ўқиш истисно тариқасида 2018 йилнинг 2 октябридан бошланади.

Кириш синовлари натижаси бўйича тўлов-контракт асосида қўшма таълим дастурларида ўқиш истагини билдирган абитуриентларга тўлов-контракт шартларини бажаришнинг охирги муддати 2018 йил 31 октябрь этиб белгиланди.

 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!