Университетда мусулмон талабалар учун намозхона очилди

Университетда мусулмон талабалар учун намозхона очилди

Жанубий Кореянинг Пусан шаҳрида жойлашган Донг-А университетида мусулмон талабалар учун янги намозхона очилди. Бу ҳақида ҳозир ушбу университет Халқаро алоқалар бўлимида амалиёт ўтаётган Жавоҳир Иззатуллаев Azon.uz`га маълум қилди.

Куни кеча Донг-А университетида «Халқаро кун» ўтказилди. Тадбир доирасида турли миллат вакиллари ўз маданиятларини намойиш қилиш имкониятига эга бўлдилар. Ўзбекистонлик талабалар турли миллий таомлар ва ўзбек ўйинларини намойиш қилишди. Куннинг иккинчи ярмида университетнинг Бумин кемпусида «Ислом маданияти маркази» очилиш маросими бўлиб ўтди.

Унда университет президенти ҳам қатнашиб, марказ қошидаги намозхона ва таҳоратхоналарни кўздан кечирди. «Университетимиз президенти Исломга жуда қизиқишларини маълум қилиб, намоз ўқиш рукнларини ўргатиб қўйишимизни сўрадилар, биз ҳатто бирга туриб намоз ўқидик. Корейс халқидаги бундай зиёли одамларнинг миллий, диний қадриятларимизга қизиқиши бизни албатта жуда қувонтиради», дейди ўзбекистонлик талабалардан бири.

«Бу марказнинг очилишида қисман Ўзбекистон томонини ҳам сабаб қилиб кўрсатишимиз мумкин. Келаси йилдан бошлаб университетимиз Ўзбекистондан кўплаб сонли талабаларни жалб этишни режа қиляпти. Чет эллик талабалар орасида ўзбекистонлик талабалар ўз миллий, диний қадриятларига содиқ эканлиги билан ажралиб туради. Айнан шунинг учун ҳам, келаётган талабалар бу ерда ўзини эркин ҳис қилиши учун ушбу марказни очишга қарор қилинди», дея таъкидлади Жавоҳир Иззатуллаев.

Донг-А университети мамлакат жанубидаги обрўли университетлардан бири ҳисобланади. Бу университет жорий йилнинг май ойида Ўзбекистоннинг бир қатор таълим муассасалари, хусусан, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети билан ҳамкорлик ҳақида келишувга эришиб, англашув меморандумини имзолаган эди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!