"Уникига ўғирликка келгандим, ўзи мени ўғирлади"

"Уникига ўғирликка келгандим, ўзи мени ўғирлади"

Зикр қилинишича, бир ўғри Молик ибн Динор раҳимаҳуллоҳнинг деворларига тирмашиб, ҳовлига тушиб, ўғирлагани ул-бул нарса ахтарди. Лекин ҳеч нарса топа олмади. Қараса, уй эгаси намоз ўқияпти. Молик раҳимаҳуллоҳ намозни тезда ўқиб, ўғрига ўгирилиб қарадилар ва унга салом бердилар. Кейин: Эй биродарим, Аллоҳ сени кечирсин. Уйимга кирдинг, аммо оладиган нарса топмадинг. Мен сени бу уйдан бирор фойда топмай чиқишингга қўймайман дедилар.

Ўрниларидан туриб, идишда сув келтириб, ўғрига: Таҳорат қилиб, икки ракат намоз ўқи. Шунда сен талабида келган нарсанг (молу дунё)дан кўра яхшироқ нарса билан қайтасан дедилар. Бу гапларни эшитган ўғри: Хўп бўлади, жоним билан! деди-да, туриб, таҳорат олди ва икки ракат намоз ўқиди. Намоз ўқиб бўлгач: Эй Молик, яна икки ракат зиёда қилсам дегандим деди. Молик раҳимаҳуллоҳ: Аллоҳ сени қодир қилганича қўшавер! дедилар. Ўғри тонггача тўхтамай намоз ўқиди.

У намоз ўқиб бўлгач, Молик раҳимаҳуллоҳ: Тўғри йўлда юриб, уйингга қайт дедилар. Ўғри: Эй саййидим, бугун сизникида турсам дегандим. Чунки, бугун мен рўзани ният қилдим деди. Шунда Молик раҳимаҳуллоҳ: Меникида истаганингча тур! дедилар. Ўғри у зотнинг уйларида бир неча кун кундузлари рўза тутиб, кечалари намоз ўқиб яшади.

Бир неча кундан сўнг ўғри уйига қайтмоқчи бўлганида у зотга: Эй Молик, мен тавбани ният қилдим деди. Шунда Молик раҳимаҳуллоҳ: Бу иш Аллоҳ азза ва жалланинг қўлидадир дедилар. Ўғри ўша онда тавба қилди ва тавбаси чиройли бўлди. Кейин у зотнинг ҳузурларидан чиқди. Бир пайт ўғрилардан бири унга йўлиқиб: Ўйлашимча, бирорта конга тушибсан шекилли? деб сўради. Шунда у: Эй биродарим, Молик ибн Динорникига тушдим. Уникига ўғирликка келгандим, ўзи мени ўғирлади. Мен Аллоҳ азза ва жаллага тавба қилдим. Энди эса мен бу эшикни (тавба эшигини) лозим тутаман. Аҳбоблар (Аллоҳнинг яхши кўрган бандалари) етган мақомга етмагунимча бу эшик ёнидан жилмайман деб жавоб берди.

Manba: islom.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!