“Умидавтолизинг”га алданган яна бир “қурбон”...

“Умидавтолизинг”га алданган яна бир “қурбон”...

Оммавий ахборот воситалари, интернет сайтларида жарчидек минг бор бонг уришимизга қарамай, ҳануз автолизинг хизматларига алданиб, пешона тери ила топган пулини ҳам, орзу қилган автомашинасини ҳам ололмаётган юртдошларимизнинг Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерациясига қилаётган мурожаатлари асло камайгани йўқ! 

Бугун юзлаб инсонларни ёлғон ваъдалар эвазига алдаётган “Умидсавдофайзинвест” МЧЖ ходимлари юз йиллар муқаддам боболаримиз айтиб кетган “Ёлғончидан шон қолмас, номидан нишон қолмас” нақлини мағзини чақишса бўлармиди?! 

Уларнинг ёлғони тўрига тушиб қолаётганлар кунда-кунора орамизда учраб турибди. ЎзАнинг ёзишича, олис Қорақалпоғистоннинг Чимбой туманида яшовчи соддадил яна бир юртдошимиз А.Ш 2018 йилнинг 26 июнь куни “Умидсавдофайзинвест” МЧЖдан Кобалт автомашинасини олиш мақсадида шартнома имзолаб, бошланғич тўлов 36 млн. 400 минг сўмни ўтказган. 

Шу кунгача шартнома шартлари бузилиб келаётганлиги ҳалигача автомашина пулини қайтариб бермаётганлигидан қаттиқ норози бўлиб, Федерацияга мурожаат қилган. 

Ушбу мурожаат асосида Федерация мутасаддилари томонидан ўрганиш ишлари олиб борилди. Натижада истеъмолчи ҳисоб рақамига 36 млн. 400 минг сўми қайтариб берилди. 

Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси огоҳлантиради: автолизинг хизматларидан фойдаланишда эҳтиёт бўлинг, “Умидавтолизинг” МЧЖ азият чекаётганлар Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерациясига мурожаат қилинг! Зеро, истеъмолчи сифатида ўз ҳуқуқларингиз бузилишига йўл қўйманг!


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!