Умид Аҳмаджонов Эктор Купернинг Ла Лигага қайтиши ҳақидаги хабарларга изоҳ берди

Умид Аҳмаджонов Эктор Купернинг Ла Лигага қайтиши ҳақидаги хабарларга изоҳ берди

Кеча, 1 октябрь куни Испаниянинг SuperDeporte нашри «Эктор Купер Испания чемпионатига қайтиши мумкин» сарлавҳаси остида хабар чоп этган эди. Хабарда Ла Лига иштирокчиси – «Уэска» клуби раҳбарияти бош мураббий Лео Франко билан хайрлашиб, унинг ўрнига Эктор Куперни таклиф қилишни режалаштираётгани айтилган. Бундан бир кун аввал эса нуфузли Marca нашри ҳам шу ҳақида миш-мишлар борлигини қайд этиб ўтганди.

Август ойидан буён Ўзбекистон миллий терма жамоасига устозлик қилаётган аргентиналик мутахассиснинг Ла Лигага қайтиши ҳақидаги бу каби миш-мишларга ойдинлик киритиш мақсадида Kun.uz ЎФА биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов билан боғланди. Аҳмаджоновнинг билдиришича, бундай хабарлар асосга эга эмас ва Эктор Купер келишилган шартлар асосида ўз лавозимида ишлашда давом этади.

«Эктор Купер терма жамоага бош мураббий этиб тайинланишидан олдин у билан узоқ вақт давомида жиддий тарзда музокаралар олиб борилган бўлиб, якунда профессионал шартнома имзоланган. Бу каби тажрибали мутахассисдан жамоасини ярим йўлда ташлаб кетишини кутиш мантиқсизлик бўларди», - дея таъкидлади Умид Аҳмаджонов.

«Купер Ўзбекистон терма жамоасидаги фаолиятини оптимистик руҳда давом эттирмоқда. Биз ушбу мураббий қўл остида терма жамоамиз Осиё кубогида муваффақиятли қатнашиш билан бирга илк марта Жаҳон чемпионатига йўлланма олишига ишонч билдирганмиз», - дея қўшимча қилди ЎФА биринчи вице-президенти Kun.uz билан суҳбатда.

Эслатиб ўтамиз, 62 ёшли Эктор Купер ва ЎФА ўртасида «3+1» шарти билан битим имзолаган. Мураббийни таништириш маросимида ЎФА Халқаро алоқалар бўлими раҳбари Диёр Исаметдинов Ўзбекистон мундиалга саралаш циклини илк марта тўлиқ ягона мураббий қўл остида ўтказишини маълум қилган эди.

 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!