Умар розияллоҳу анҳу “Сендан нимани сўрасам, бармоғимни тишлаб қолавераман”

Умар розияллоҳу анҳу “Сендан нимани сўрасам, бармоғимни тишлаб қолавераман”

Муовия розияллоҳу анҳу ислоҳотлари

Умавийлар даврида ўша вақтдаги жамият ва келажак авлод учун иқтисодий ва сиёсий ҳаётда жуда кўп ислоҳотлар амалга оширилди. Мазкур ислоҳотлар ҳозирги кунда ҳам жуда аҳамиятлидир. Жумладан, Умавийлар давлати асосчиси Муовия ибн Абу Суфён сиёсий, ижтимоий ва иқтисоий йўналишларда жуда кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширди. Ислоҳотларни санаб ўтсак:

Муовия розияллоҳу анҳу тантанавор аравага отлар қўшишни жорий қилди ва парад-қўшин кўргазмасини ташкил қилди.

Умар розияллоҳу анҳу инсон психологиясини яхши билар, Муовиянинг бошқарувга хос хислатларга эга эканлигини тан оларди. Умар розияллоҳу анҳу Шомга келганда Муовия розияллоҳу анҳу уни тантанавор арава қўшилган отлар билан кутиб олди. Умар розияллоҳу анҳу бунга эътироз билдириб, сенда от-аравали соқчиларинг бор, деганда, у буни тасдиқлади. Мискинлар эшигинг олдида узоқ туриб қолганини эшитяпман. У: “Тўғри”, – деди. Умар: “Муовия розияллоҳу анҳуга нимага бундай қиляпсан? Сенга Ҳижозгача пиёда боришга буюраймикан деб қолдим”­, –  деди. Муовия розияллоҳу анҳу: “Эй мўминлар амири, биз ҳозир жосуслари кўп ердамиз. Ислом ва унинг азизлиги, улуғлигини кўрсатиб қўйиш керак, токи душманлар ҳайиқиб туришсин. Агар майли қилавер десангиз давом эттираверай, қилма десангиз тўхтатай”, – деди. Шунда Умар  розияллоҳу анҳу: “Сендан нимани сўрасам, бармоғимни тишлаб қолавераман (нима дейишгаям ҳайронман). Агар гапинг тўғри бўлса, бир ўйлаб кўриш керак. Агар нотўғри бўлса маърифатли одамнинг алдаши бўлади”,–деди. Шунда: “Буюринг” – деди. Умар розияллоҳу анҳу: “Буюрмайманам, қайтармайманам” – деди (Абул Фидо Исмоил ибн Умар ибн Касир. Ал-Бидоя ван-ниҳоя. Дор ал-фажр, 1997. Ж 11. – Б 416.). Муовия розияллоҳу анҳунинг берган жавоби юксак даражада сиёсатдан хабардор эканлиги ва халқ ҳолатини тўғри баҳолай олишини, аввало тинчликни таъминлаш муҳим эканини билишини кўрсатади. Шу билан бирга доимо унга йўл-йўриқ кўрсатиб, насиҳатлар қилиб турарди. Умар розияллоҳу анҳу қачон Муовия розияллоҳу анҳуни кўрса: “Бу араблар кисроси” – дерди (– Ўша асар. Ж 11.– Б 418.). Муовия розияллоҳу анҳу Расмий кийиниш ва эстетика ҳамда чиройли ҳарбий кийимга алоҳида эътибор берарди (Абдураҳмон ибн Халдун. Муқаддимат ибн Халдун. – Байрут: Дор ал-фикр, 2001. Имодуллоҳ Холил. – Б 78.)

Ислом тарихида биринчи марта денгиз флоти ташкил қилинди.

Умар розияллоҳу анҳу даврида қишги ва ёзги қўшин тариби ташкил қилинди. Умар розияллоҳу анҳу бу тартибли қўшинни қишги ва ёзги қўшин гуруҳини “Қишги ва ёзги қўшин тизими” ( Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Жарир Табарий. Тарих ар-росул вал-мулук. – Миср: Дор ал-Маъориф.1985. Ж 4. – Б 62.) – деб атаган.

Янгича уруш стратегиясига асос солинди.

Рум империяси мақсади ислом давлатчилиги чегаралари вужудга келгандан буён ҳужумларни амалга ошириш, Румни ҳимоя қилиш, мусулмонларни ҳужумдан тўхтатиб туриш эди. Лекин Муовия розияллоҳу анҳуни мақсади тубдан фарқ қилар эди. Урушни душман давлатнинг ўзига кўчириб, мусулмон давлатдан бартараф қилди. Бу ҳам ҳарбий стратегияга асос солганидан далолат беради. Шу билан бирга ҳимояланиш тизимини ҳам ривожлантирди. Гоҳида Муовия розияллоҳу анҳу ҳижрий 22 ва 23 да ёзги жангда 10 минг қўшинни бошқариб бориб, то Аммуриягача кириб борди. Бу қўшинни ичида Убода ибн Сомит, Абу Айюб ансорий, Абу Зарр ғифорий ва Шаддод ибн Авс сингари саҳобалар бор эди (Абул Фараж Абдураҳмон ибн Али ибн Муҳаммад ибн Жавзий. Ал-Мунтазам фи тарих ал-мулук вал-умам. – Байрут:Дор ал-кутуб ал-илмия, 1992. Ж 4. – Б 241. ва Шоҳин Ҳамдий, Аддувлатул уммавия муфтаро алайҳа. – Қоҳира: Дорул Қоҳира. 2005. – Б 155.)

Муовия халқга бағрикенглик, юмшоқлик қилиш орқали ўша вақтдаги тўғри сиёсатни олиб борди. Буни қуйидаги сўзларида ҳам кўриш мумкин. “Қамчим кифоя қиладиган ўринда қиличимни ишлатиб ўтирмайман. Сўз кифоя қиладиган ўринда, қамчимни ишлатиб ўтирмайман. Мен билан инсонлар орасида боғлаб турадиган бир тола бўлса ҳам, узмайман. Агар улар ўзларига қаттиқ ушлаб, тортсалар бўшатаман. Беэътибор бўлиб бўш қўйсалар, қаттиқлаштираман (Абу Муҳаммад Ибн Қутайба ад- Дайнурий. – Бағдод: Ас-султон.1887. – Б 51.)”. Бу каби ҳолат унинг сиёсатида ҳам намоён бўларди.

Manba: azon.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!