Улуғбек Йўлчиев: Шоҳзамондан Марказий Осиё саҳнасигача — ижод йўлини янги босқичга олиб чиққан санъаткор

Улуғбек Йўлчиев: Шоҳзамондан Марказий Осиё саҳнасигача — ижод йўлини янги босқичга олиб чиққан санъаткор

Ўзбек мусиқа санъатида ўзининг самимий ижоди, ҳаётий қўшиқлари ва ўзига хос мусиқий услуби билан мухлислар эътиборини қозониб келаётган ижодкорлардан бири — Улуғбек Йўлчиев. Қарийб йигирма йилга яқин давом этаётган ижодий фаолияти давомида у шоир, бастакор, хонанда ва ижодкор сифатида турли босқичларни босиб ўтди. Бугунги кунда эса Улуғбек Йўлчиев нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиё мусиқа майдонида ҳам ўз аудиториясини шакллантириб бормоқда.

Ижодга шеъриятдан бошланган йўл

Улуғбек Йўлчиев 1989 йил 12 сентябрда Жиззах вилояти, Шароф Рашидов туманида туғилган. 40-мактабни тамомлагач, 2008–2012 йилларда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида таҳсил олди.

Унинг санъатдаги илк қадамлари хонандаликдан эмас, шеъриятдан бошланди. 2008–2009 йилларда талабалик давридаёқ шеърлар ёзиб, турли хонандалар билан ижодий ҳамкорлик қила бошлади.

Кейинчалик унинг ижодий изланишлари янги босқичга кўтарилди. 2010–2011 йилларда Улуғбек шеър ёзиш билан бирга уларга мусиқа басталашни ҳам бошлади.

Унинг илк сотилган мусиқий асарларидан бири Анвар Санайев ижросидаги «Баҳоримни соғиндим» қўшиғи бўлди. Қўшиқнинг ҳам матни, ҳам мусиқаси Улуғбек Йўлчиев томонидан яратилгани унинг бастакорлик салоҳиятини намоён этди.

Кейинги йилларда у ўзбек эстрада саҳнасининг турли вакиллари билан ҳамкорлик қилди. Жасур Умировнинг «Онажон», Баҳодир Қодировнинг «Севгиси ёлғон», Божалар гуруҳининг «Жадидлар», Улуғбек Қодировнинг «От дўши», Баҳром Назаровнинг «Олча гули» каби қўшиқларида унинг ижодий ҳиссаси бор.

«Шоҳзамон» — катта саҳнага олиб чиққан тахаллус

Улуғбек Йўлчиев хонанда сифатидаги фаолиятини «Шоҳзамон» тахаллуси остида бошлади.

2012 йилда унинг илк «Ҳиндистондан хат» альбоми тингловчиларга тақдим этилди. Кейинчалик «Қўзигул» каби альбом ва қўшиқлар орқали ўз услубини излаган ижодкор дастлаб кутилган даражадаги оммавий муваффақиятга эриша олмади.

Бироқ бу давр Улуғбек учун ижодий тажриба ва катта мактаб вазифасини бажарди.

2016 йил эса «Шоҳзамон» ижодида туб бурилиш ясади. У Сардор Раҳимхон билан биргаликда ижро этган «Нархи қанча меҳрни айтинг» қўшиғи катта оммалашувга эришиб, ижодкор номини кенг аудиторияга олиб чиқди.

Мазкур дуэт «Энг яхши дуэт», «Йилнинг энг яхши қўшиғи» ва «Йил хити» каби номинацияларда эътироф этилди.

Шу йил охирида онасига бағишланган «Онам мани» қўшиғи ҳам тингловчилар орасида катта қизиқиш уйғотди. Бу асар Улуғбекнинг ижодида