Улкан харсангтошнинг нур сочиши

A A A
Улкан харсангтошнинг нур сочиши

Имом Насоий ривоят қилади:

«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобаларига хандақ ковлашни буюрганларида, (бир оз ковлашганида) уларнинг қаршисидан ковлашга тўсқинлик қилиб катта харсангтош чиқиб қолди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўринларидан туриб ридоларини хандақ четига қўйдилар ва чўкични олиб тошга: “Раббингиз сўзи ростлик ва адолат жиҳатидан камолга етди. Унинг сўзларини ўзгартирувчи (куч) йўқ. У Самеъ (эшитувчи) ва Алим (доно)дир” (Анъом, 115) оятини ўқиб зарб билан урдилар. Тошнинг учдан бири ёрилди. Салмон Форсий тик ҳолда қараб турарди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг зарбалари сабабидан тошдан ёруғ нур чиқди.

Сўнг яна: “Раббингиз сўзи ростлик ва адолат жиҳатидан камолга етди. Унинг сўзларини ўзгартирувчи (куч) йўқ. У Самеъ (эшитувчи) ва Алим (доно)дир” (Анъом сураси, 115-оят) оятини ўқиб иккинчи зарбани урдилар. Тошнинг учдан бири ёрилиб, ёруғ нур чиқди. Уни Салмон кўриб турар эди.

Сўнг Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) учин­чи марта: “Раббингиз сўзи ростлик ва адолат жиҳа­ти­дан камолга етди. Унинг сўзларини ўзгартирувчи (куч) йўқ. У Самеъ (эшитувчи) ва Алим (доно)дир” (Анъом сураси, 115-оят) оятини ўқиб учинчи зарбани урдилар. Тошнинг қолган қисми ҳам ёрилиб, хандақ ковлашга йўл очилди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) чуқурдан чиқиб ридоларини олдилар ва ўтирдилар.

Салмон деди: “Ё Расулуллоҳ! Сизнинг зарба урганингизни мен кўриб турган эдим. Ҳар урганингизда ундан ялтираб бир нур чиқди”. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй Салмон, сен ҳам буни кўрдингми?” дедилар.

– Сизни ҳақ билан жўнатган Зотга қасам, кўрдим, эй Расулуллоҳ!

– Мен биринчи зарбани урган вақтимда менга Кисронинг шаҳарлари (айвонлари, мулклари) ва унинг атрофидаги жойлар ҳамда кўп шаҳарлар кўрсатилди[1], ҳатто уларни мен ўз кўзим билан кўрдим”.

Шу жойда ҳозир бўлиб турган саҳобалардан бири:

– Бизлар у жойларни фатҳ қилиб, экинзорларини олишимизни ва диёрларини ўз қўлимиз билан вайрон этишимизни (Аллоҳдан сўраб) дуо қилинг! – деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дуо қилдилар, сўнг:

– Иккинчи зарбни урган вақтимда менга Қайсарнинг шаҳарлари ва унинг атрофидаги жойлар кўрсатилди, ҳатто уларни ўз кўзим билан кўрдим, – дедилар. Саҳобалар:

– Бизлар у жойларни фатҳ қилиб, экинзорларини олишимизни ва диёрларини ўз қўлимиз билан вайрон этишимизни (Аллоҳдан сўраб) дуо қилинг! – дедилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дуо қилдилар, кейин:

– Учинчи марта урганимда ҳабаш шаҳарлари ва унинг атрофидаги жойлар ҳамда кўп шаҳарлар менга кўрсатилди, ҳатто уларни ўз кўзим билан кўрдим, – дедилар. Саҳобалар:

– Бизлар у жойларни фатҳ қилиб, экинзорларини олишимизни ва диёрларини ўз қўлимиз билан вайрон этишимизни (Аллоҳдан сўраб) дуо қилинг! – дедилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дуо қилдилар, сўнг:

– Ҳабашлар сизларни ўз ҳолингизга қўйсалар, уларни ўз ҳолига қўйинглар. Турклар сизларни тарк қилсалар, сизлар ҳам уларни тарк қилинглар»[2].

Бу ҳадисда бир неча мўъжизаларнинг баёни келтирилган:

Саҳобалар кўз олдида тошнинг ёрилиши;

Биринчи зарбда тошнинг ялтираши;

Иккинчи зарбда тошдан олов чиқиши;

Учинчи зарбда тошнинг нур сочиши.

[1] Яъни, бизнинг тасарруфимизга ўтди (тарж.).

[2] Яъни, Исломни қабул қилганларидан кейин уларни ўз ҳолига қўйинглар (тарж.). Ҳасан ҳадис. Имом Насоий ривояти.

Manba: hidoyat. uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!