Ўлимга ҳам тик боққан генерал — актёр Бахшилло Фатуллаевнинг "Меҳр операцияси"даги образи ҳақида

Ўлимга ҳам тик боққан генерал — актёр Бахшилло Фатуллаевнинг "Меҳр операцияси"даги образи ҳақида

Актёр Бахшилло Фатуллаев ижодида навбатдаги катта экранларга чиқиши кутилаётган фильм режиссёр Ҳилол Насимовнинг “Меҳр операцияси” фильмидир. Актёр бу фильмда ўз зиммасидаги кучли масъулиятни бажариш учун ўлимга ҳам тик боққан генерал образини гавдалантирган.

“Меҳр операцияси” фильмининг суратга олиш ишлари Ўзбекистоннинг Сурхондарё ва бошқа бир қатор вилоятларида, Туркиянинг Истанбул ва Газантепа шаҳарларида бўлиб ўтди.

Фильмда таниқли ўзбек актёрларидан Карим Мирходиев, Фотиҳ Насимов, Вазира Юнусова, Фарҳод Абдуллаев, Бобур Йўлдошев ва бошқалар суратга тушишган.

Фильм воқеалари Сурияда адашганларни қутқариш билан боғлиқ бўлиб, актёр Бахшилло Фатуллаев қаҳрамони унда муҳим ўрин тутади. У ҳар тарафлама етук, жисмонан ва маънан кучли шахс. Унинг биргина буйруғи кўп нарсани ҳал қилади. Шунинг учун ҳам, у ўйлаб, масъулият билан иш кўриши шарт. Бу образда айниқса, кўз қарашлар ва ҳолат муҳим бўлиб, актёр бу ролни диққат билан, маромига етказиб ижро қилишга бор ижодий кучини сарфлади.

Фильмда ҳар хил алдовлар билан Сурияга олиб кетилган ўзбекистонлик фуқароларни, айниқса, аёллар ва болаларни қутқаришга бағишланган таҳликали ва ўта муҳим операциянинг муваффақиятли чиқиши, актёр Бахшилло Фатуллаев ижросидаги Генералга боғлиқ эди. Буни экранда тўлақонли очиб бериш, қаҳрамоннинг амалга оширган ҳар бир ҳаракати ва сўзи залворини ҳис қилиш, ҳамда бунга томошабинни ишонтира олиш актёрда мужассам бўлиб, образни янада эсда қоларли бўлишини таъминлади.

Бахшилло Фатуллаев бу роль орқали шу каби мураккаб операцияларда иштирок этган, юрт учун, ватандошлари учун ўз жонини фидо этган кўплаб ҳарбийларнинг тимсолини яратди. Уларнинг ҳаёти қанчалар синовларга тўла эканлигини, биргина қарор қанчалаб инсонлар ҳаётини ҳал қилиши мумкинлигини кўрсатиб бера олди. Шунингдек, юртимизнинг мард ҳарбийлари қанчалар ўз бурчига содиқлигини роль орқали намойиш қилди. У ижро қилган генерал образида Ватанимизнинг садоқатли генераллари тимсоллари мужассам бўлиб, актёр Бахшилло Фатуллаев бу ролни мана шу жиҳатларни чуқур ҳис қилган ҳолда ижро қилди.

Тез кунларда катта экранларга чиқиши кутилаётган “Меҳр операцияси” фильмидаги генерал образи ҳам, Бахшилло Фатуллаевнинг кўплаб роллари каби, томошабинларга манзур бўлади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!