«Улар алоқага чиқишди». Скрипални заҳарлашда гумонланаётганлар яқин соатларда ТВ орқали кўриниш беришади

«Улар алоқага чиқишди». Скрипални заҳарлашда гумонланаётганлар яқин соатларда ТВ орқали кўриниш беришади

Британия полицияси томонидан Россия разведка бошқармаси собиқ вакили Сергей Скрипални заҳарлашда гумондорлар сифатида эълон қилган Александр Петров ва Руслан Боширов тез орада Россия телевидениесида чиқишади. Бу ҳақда Russia Today телеканали раҳбари Маргарита Симонян ўзининг твиттердаги саҳифасида маълум қилди.

«Сиз кеча кечки пайтда нима қилдингиз, билмайман, лекин мен оқшомни Петров ва Боширов билан ўтказдим. Ҳазиллашмаяпман. Каминг сун (Инглизча coming soon - тез орада)»,- деб ёзди Симонян хоним бу борадаги илк постида. Кейинчалик Симонян бу борада инглиз тилидаги пост қолдирди.

RТ телеканали раҳбари бу борада яна бир нечта твит ёзди: «Бу хабар чиққанидан кейин ҳамкасбларим менга тинимсиз қўнғироқ қилишни бошлашди. Телефоним портлаб кетай демоқда. Мен уларга шу ерда жавоб бермоқчиман.

1-савол. Уларни қандай топдингиз?

Мен уларни изламадим. Тўғрироғи, телеканалимиз ходимлари ҳамма каби излашди, лекин мен шахсан излаганим йўқ. Ходимларим иккита одамни топиб ҳам келишди, лекин улар бошқа одамлар бўлиб чиқишди.

Кейин уларнинг ўзлари менга қўнғироқ қилишди. Мобил телефонимга. Ишонаверинг, менинг рақамимни ҳамма билади. Ҳаттоки 8-мартда гул тарқатадиган курьерлар ҳам.

2-савол. Нега айнан менга интервью беришди?

Улар бошқаларга интервью беришни хоҳлашмаган. Ҳаттоки бизнинг бошқа журналистларга ҳам. Уларнинг айтишича, мени танишади ва ижтимоий тармоқларда ҳам кузатиб боришади.
Интервью рус тилида олинди. Ҳозир уни инглиз ва бошқа тилларга таржима қилишмоқда»,- деб ёзган Маргарита Симонян.

Таъкидлаш жоизки, Russia Today телеканали Россия ҳукуматига яқин манба ҳисобланади.

РФ президенти Владимир Путин 12 сентябрь куни халқаро иқтисодий форумда Скрипални заҳарлашда гумонланаётганлар ҳақидаги саволга  жавоб берар экан, улардан ОАВга мурожаат қилишни сўраган ва шу билан муаммо ҳал бўлишини айтганди. Буни қарангки, разведкачилар деб аталаётган Петров ва Боширов бир кун ҳам куттирмай ОАВга мурожаат қилишди ва айнан RТ телеканалига. Бу интервью воқеалар ривожини тезлаштириб юбориши кутилмоқда.

Manba: kun.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!