Ўктам Барноев бош вазир ўринбосари бўлиши кутилмоқда

Ўктам Барноев бош вазир ўринбосари бўлиши кутилмоқда

Бухоро вилояти ҳокими Ўктам Барноев Бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланиши кутилмоқда.

Депутат Расул Кушербаевнинг хабар қилишича, бугун ЎзЛиДеП фракциясида Бош вазир тавсиясига асосан Бухоро вилояти ҳокими вазифасида ишлаб келган Ўктам Исаевич Барноевни Бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тасдиқлаш масаласи кўриб чиқилди. 

Фракция аъзолари ЎзЛиДеП аъзоси бўлган Ўктам Барноев номзодини ушбу лавозимга маъқуллаш ҳақидаги қарорни тасдиқлашган. 

Эндиликда номзод Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида тасдиқлаш масаласи кўриб чиқилади. Депутатлар тасдиғидан кейин Барноев президент фармони билан ҳукумат аъзолигига тайинланиши мумкин.

Ўктам Барноев 2016 йилнинг декабридан буён Бухоро вилоятига ҳокимлик қилиб келмоқда. У 2008 йилнинг апрелидан 2010 йилнинг декабригача Самарқанд вилояти ҳокими лавозимида фаолият юритган. Ундан олдин Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари бўлган.

Бундан олдинроқ президентнинг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси фаолиятини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига биноан ҳукумат ижро этувчи тузилмасида ўзгаришлар рўй берган, ҳужжат билан бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозими жорий этилганди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!