Ўктам Алиев Достон Эргашовга қарши 500 миллион сўмлик даъвосидан воз кечди

Ўктам Алиев Достон Эргашовга қарши 500 миллион сўмлик даъвосидан воз кечди

Хабарингиз бор ижтимоий тармоқларда хонандалар Достон Эргашов ва Ўктам Алиевнинг можаролари санъат оламида катта шов-шувга сабаб бўлган эди. Узоқ муддатли келишмовчиликлардан сўнг ушбу санъат вакиллари ўзаро келишувга эришдилар.

Муаллифлик ҳуқуқлари бузилиши ҳолати бўйича Агентликка чақирилган хонандаларга муаллифлик ҳуқуқи объектлари моддий мулк каби қадрли ва ундан кўра қийматлироқ эканлиги, муаллифнинг асарлари хусусий мулк сингари дахлсиз ҳисобланиши ҳамда муаллифлик ҳуқуқларининг бузилиши қонунчиликда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлиши бўйича тушунтиришлар берилди.

Шунга мувофиқ томонлар ушбу низони ўзаро келишиш орқали ҳал қилишга қарор қилишди. Агентлик ушбу жараёнда медиатор вазифасини бажарди ва бунинг натижасида яна бир муаллифлик соҳасидаги низо бартараф этилишига эришилди.

Муаллифнинг рухсатисиз қўшиғини куйлаган Достон Эргашов Ўктам Алиевдан узр сўраб, ҳамкорликда қўшиқ куйлаш таклифини билдирди. Шундан сўнг Ўктам Алиев хонанда Достон Эргашовга нисбатан 500 миллион сўм миқдоридаги етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш юзасидан тегишли судга киритган аризасини қайтариб олди.

Таъкидлаш жоизки, муаллифлар томонидан ўзларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича олиб бораётган ишлари натижасида бу каби ҳуқуқбузарликлар сони камайишига, жамиятда ўзганинг мулкидан унинг рухсатисиз фойдаланганлик учун жазо муқаррарлиги бўйича ҳуқуқий онгнинг шаклланишига ҳамда бошқа муаллифларнинг ҳам ўз бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича тегишли харакатларни амалга оширишига туртки бўлмоқда.

Зеро, муаллифларнинг асарларига нисбатан ҳурмат ҳиссини шакллантирилмасдан ҳамда уларнинг ҳуқуқлари поймол бўлишининг олди олинмасдан туриб янгидан-янги асарлар яратилиши даргумондир.

Шундай экан муаллифларнинг асарларига ўзимизнинг мулкимиздек қарашимиз ва улардан фақатгина қонунчиликда белгиланган тартибларга риоя этган ҳолда фойдаланишимиз зарур. 

Шу ўринда Достон Эргашов ва Ўктам Алиевларнинг келгуси ижодларига омад тилаган ҳолда улар ижросидаги янги дует қўшиқларини кутиб қоламиз!


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!