Украинада Хитойдан эвакуация қилинганлар келтирилишига қарши намойишлар бўлиб ўтмоқда

Украинада Хитойдан эвакуация қилинганлар келтирилишига қарши намойишлар бўлиб ўтмоқда

Аввалроқ Ғарбий Украина аҳолиси коронавирус тарқалган Хитойдан эвакуация қилинадиган украиналикларни ўз аҳоли пунктларига қўймаслик учун баррикадалар қуришаётгани маълум қилинганди.

Ухандан 45 украиналик ва бир қатор хорижий давлатларнинг 27 фуқаросини олиб келаётган самолёт дастлаб Киевдаги Борисполь аэропортида соат 8да қўниши керак бўлган, бироқ у 2 соат давомида Харьков, Днепропетровск ва Полтава областлари туташув жойи устида учиб юрган. Бу ҳақда “РБК Украина” нашри хабар берди.

Сўнгра самолёт Борисполда ёнилғи қуйиш учун қўниб, кейин Харьковга учиб кетган. Украина соғлиқни сақлаш вазирлигида самолёт экипажи аъзолари ва йўловчиларда ўткир респиратор касалликлар аломатлари йўқлиги маълум қилинган.    

Ухандан келтирилганларни Украина Миллий гвардиясининг Полтава области, Новие Санжари посёлкасидаги тиббий марказида жойлаштириш режалаштирилганди. Бу эса маҳаллий аҳолининг норозилигига сабаб бўлган. Улар яримтундан бошлаб аҳоли пунктига кириш йўлларини тўсиб, полиция билан тўқнашувга киришган. 

Полиция ва Миллий гвардия йўлнинг қатнов қисмидан намойишчиларнинг автомобилларини олиб ташлаш учун ҳарбий техника қўллаган. Намойишчилар билан Полтава области маъмурияти бошлиғи Олег Синегубов учрашган. “Бу одамлар ўрнида исталган бошқа одам бўлиши мумкин эди. Улар уйга қайтмоқдалар. Бу инсонлар кимнингдир боласи, ота-онаси, яқинидир. Уларнинг барчасини хитойлик ва украиналик шифокорлар текширган. Уларнинг бирортасида ўткир респиратор инфекция аломатлари аниқланмаган”, деб маълум қилган Синегубов.   

Маълум қилинишича, полиция посёлка томон тез ёрдам машиналари, полиция, Миллий гвардия машиналаридан бошқа транспортни ўтказмаяпти. 

Ўз навбатида Украина президенти Владимир Зеленский Новие Санжаридаги намойишларни қоралаган. “Йўлларни, госпиталларни тўсишга, Украина фуқароларини Украинага қўймасликка уринишлар билан биз ўз феъл-атворимизнинг яхши бўлмаган жиҳатларини кўрсатмоқдамиз. Айниқса, йўловчиларнинг аксарияти 30 дан ёшлар экани ҳисоб олинса. Уларнинг кўпчилиги биз учун боладек”, деб ёзган Зеленский Facebook’да.    

Президентнинг таъкидлашича, Хитойдан эвакуация қилинганларнинг барчаси қониқарли аҳволда. Бактериологик хавф йўқ, ҳокимият эса хавфсизликни таъминлаш учун мислсиз чоралар кўрган. Зеленский эвакуация қилинганлар жойлаштириладиган Новие Санжаридаги тиббиёт пункти “мамлакатдаги энг қўриқланувчи объектга” айланишига, у тўлиқ изоляция қилиниши ва қатъий бактериологик хавфсизлик тартибига ўтказилишига ваъда берган. 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!