Украинада карантин 31 августгача узайтирилди

Украинада карантин 31 августгача узайтирилди

Коронавирус тарқалиши кўпайгани сабаб Украина карантин чекловларини 31 августгача узайтирди. Бу ҳақда мамлакат бош вазири Денис Шмигаль кеча ўтказилган ҳукумат мажлисида маълум қилди.

Охирги бир неча кунда коронавирус инфекцияси тарқалишининг янги ҳолатлари сони кунига 800 нафар кишидан ошиб кетди. Ҳозиргача Украинада коронавирус юқтирганларнинг умумий сони 60 995 нафарни ташкил этмоқда. Шундан 1534 киши вафот этган.

Июнь ойидан бошлаб мамлакат ҳукумати ҳудудий раҳбарларга вазиятга қараб карантин чекловларини юмшатиш ёки кескинлаштириш бўйича мустақил қарор чиқариш ҳуқуқини берган. Унга кўра, турли минтақалар ўз ҳудудидаги болалар боғчалари, кинотеатрлар, спорт иншоотлари, бозорлар, пляжлар, санаторийларнинг ишлаш ёки ишламаслигини ҳал қилиш имкониятига эга бўлганди.

Мамлакат бўйлаб 1,5 метр оралиқ масофани сақлаш, жамоат жойларида ниқоб тақиш мажбурий. Шунингдек, касаллик юқори даражада тарқалган мамлакатлардан келганлар икки ҳафталик карантинда ўтириши ёки коронавирус тестидан ўтиши керак.

Эслатиб ўтамиз, Украинада илк карантин чекловлари март ойида жорий этилган эди. Коронавирус тарқалиши бироз секинлашгандан сўнг май-июнь ойларида карантин юмшатилган ва чекловлар 31 июль куни тугаши керак эди. Бироқ карантин чекловлари юмшатилгач, мамлакатда коронавирус тарқалиши яна кескин ўса бошлади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!