Украина ва яна 9 та давлат "антибаллистик коалиция" тузмоқчи

Украина ва яна 9 та давлат "антибаллистик коалиция" тузмоқчи

​Германия, Украина, Дания, Франция, Италия, Нидерландия, Норвегия, Испания, Швеция ва Буюк Британия "келажакдаги ракета таҳдидларининг олдини олиш ва уларни қайтариш" мақсадида ракетага қарши мудофаа коалициясини тузишга келишиб олди. Ушбу қарор ўнта давлат ва ҳукумат раҳбарлари томонидан Париждаги йиғилишда қабул қилинди.

​"Мудофаа-саноат базамизни, тадқиқотларимизни ва операцион тажрибамизни бирлаштирган ҳолда, биз Европа учун умумий ракетага қарши мудофаа салоҳиятини яратишга интиламиз", — дейилади Елисей саройи сайтидаги баёнотда.

​Тизим "жамоавий саъй-ҳаракатлар, технологик очиқлик ва ишончли саноат ҳамкорлиги туфайли" ишлаб чиқилади, деб таъкидланади пресс-релизда.

​Янги тизим "мутлақо мудофаа хусусиятига эга" бўлади ҳамда мавжуд ва харид қилиниши режалаштирилган ракетага қарши мудофаа тизимларини тўлдиради, дейилади баёнотда.

Шунингдек, унда Москва томонидан бошланган уруш давомида олинган "Украинанинг ноёб тажрибаси"га урғу берилган. Бунда ташаббус иштирокчилари Европада баллистик ракеталар таҳдиди ортиб бораётганига ишора қилган.