Ўғирланган молни сотиб олиш мумкинми?

Ўғирланган молни сотиб олиш мумкинми?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Кўринишидан ўғирланган ёки тортиб олинган молни сотиб олиш мумкинми?

Жавоб: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Кўринишидан ўғирланган ёки тортиб олинганлиги маълум бўлган молни сотиб олиш шаръан жоиз эмас. Уни сотиб олишда ўғри ва талончининг ишини ривожлантириш бор. Гуноҳ ишга ёрдам бериш шаръан гуноҳ ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда:

ﯲ ﯳ ﯴ ﯵﯶ

Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг... деб марҳамат қилган (Моида сураси, 2-оят).

Мусъаб ибн Муҳаммад мадиналик бир кишидан ривоят қилади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ким молнинг ўғирланганини билатуриб сотиб олса, гуноҳ ва орига шерик бўлибди , деганлар .

Бир киши бирор молни сотиб олганидан кейин унинг ўғирланган ёки тортиб олинганлиги маълум бўлса, байъни бекор қилиб, сотувчидан пулини қайтариб олишга ҳаққи бор.

Аллома Ибн Обидийннинг Раддул муҳтор китобида: Сотиб олинган молнинг ҳалол эмаслиги, яъни ўғирланган ёки тортиб олинган эканлиги зоҳир бўлса, харидор сотувчидан пулини қайтариб олади , дейилган.

Ўғирланган, тортиб олинган мол ҳар қандай ҳолатда ҳам ўғирлатган кишининг моли ҳисобланади. Кўрган жойида ундан тортиб олишга ҳақлидир.

Аллома Косоний раҳматуллоҳи алайҳ: Ўғри ўғирланган молни бирор кишига сотса ёки қайсидир йўл билан (ҳадя) мулк қилиб бер-са, у йўқ бўлиб кетмасдан турган бўлса, ўғирлатган киши уни тортиб олишга ҳақлидир. Чунки у ўзининг мулки ҳисобланади. Харидор эса сотувчи ўғридан пулини қайтариб олади , деган.

Кишининг қони ва обрўсини тўкиш ҳаром бўлганидек, ноҳақдан унинг молига қўл чўзиш ҳам ҳаромдир. Шариатимиз ватани ҳимоясида вафот этган кишиларни шаҳид санаганидек, моли ҳимоясида вафот этган кишиларни ҳам шаҳид қаторига қўшган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Молининг ҳимоясида вафот этган киши шаҳиддир , деганлар.

Бундан кўриниб турибдики, бировнинг молини ноҳақдан тортиб олиш унинг жонини олишга тенгдир. Валлоҳу аълам.

Manba: islom.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!