Угандада озиқ-овқат танқислиги туфайли 16 киши ҳалок бўлди
Уганданинг шимоли-шарқий Караможа минтақасида камида 16 киши озиқ-овқат танқислигидан вафот этди.
Бу ҳақда Уганда Бош вазири идораси маълум қилди.
Узоқ давом этган қурғоқчилик кенг миқёсда ҳосилнинг нобуд бўлишига ва озиқ-овқатнинг жиддий танқислигига олиб келди, натижада ўлим ҳолатлари кузатилди.
Маълумотларга кўра, чоршанба куни ҳукумат Каабонг туманидаги кичик округларга 22 тонна фавқулодда озиқ-овқат ёрдами, жумладан, 13 тонна маккажўхори ва 9 тонна ловия етказиб берди. Шунингдек, шошилинч ёрдамга муҳтож энг кўп зарар кўрган округларга дарҳол тарқатиш учун яна бир озиқ-овқат ёрдами тайёрланди.
Душанба куни Бош вазир идораси бутун Караможа минтақаси учун қўшимча фавқулодда озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олиш учун Вазирлар Маҳкамасининг розилигини сўрайди.
