Учта ҳудудда имтиёзли кредит маблағларини талон-торож қилиш ҳолатлари аниқланди

Учта ҳудудда имтиёзли кредит маблағларини талон-торож қилиш ҳолатлари аниқланди

Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент органлари томонидан банкларнинг комплаенс-назорати тузилмалари билан ҳамкорлик доирасида пул маблағларининг талон-торож қилиниши бўйича аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан ўз вақтида қонуний чоралар кўрилмоқда.

Хусусан, Департаментнинг Кармана туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, фуқаролар С.А. ва М.А. “K.T.” МЧЖни ташкил этиб, биолаборатория жиҳозлари ва бошқа керакли ускуналар олиш учун ҳудудий тижорат банки филиалидан ажратилган 2,5 млрд сўм имтиёзли кредит маблағини гўёки ускуна ва жиҳозлар сотиб олиш мазмунида 9 та хўжалик юритувчи субъектларга кўчириш орқали ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганликлари аниқланган.

Шу каби, Департаментнинг Наманган туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, “X.z.” МЧЖ раҳбари Ф.Х. “У.Ю.” хусусий корхонаси раҳбари М.А. ва бошқалар ўзаро тил бириктириб, ҳудудий тижорат банклари филиалидан паррандачиликни ривожлантириш ҳамда замонавий гидропоник иссиқхона қуриш учун ажратилган 2,2 млрд сўм ва 486 970 АҚШ доллари миқдоридаги кредит маблағларини бошқа мақсадларда сарфлаб, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганликлари аниқланган.

Департаментнинг Гулистон туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, “A.X.” МЧЖ раҳбари Р.Р., “С.И.” фермер хўжалигини норасмий бошқариб келган С.Б. ва бошқалар “A.X.” МЧЖга томорқачилик фаолиятини ривожлантириш учун техника ва жиҳозлар сотиб олишга ажратилган 1,9 млрд сўм имтиёзли кредит маблағини “S.-7” МЧЖ “С.И.” фермер хўжалигига ўтказиш орқали нақдлаштириб олиб, талон-торож қилганликлари аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!