Учқўрғонда фожиа: йигит севган қизининг кўксига 5 марта пичоқ санчди

Учқўрғонда фожиа: йигит севган қизининг кўксига 5 марта пичоқ санчди

Маълумки, ҳаётда инсоннинг юриш-туриши, обод-ахлоқи, керак бўлса, тақдирини ҳам ўзгартириб юборишга қодир бир туйғу бор. Бу — муҳаббатдир. Агар тарихга, кундалик ҳаётимизга назар ташласак, айни ҳис-туйғу сабаб қанчадан-қанча эзгуликлар ёки у билан ҳамиша ёнма-ён бўлган рашк туфайли бири иккинчисидан аянчли воқеалар юз берганига гувоҳ бўламиз.

Жорий йилнинг январь ойи охирида Учқўрғон туманида содир бўлган фожиали ҳодисани эса, ноўрин рашкнинг аччиқ «меваси» дейиш мумкин.

Ўшанда 16 ёшда бўлган Шаҳло Орифжонова (исм-фамилиялар ўзгартирилган) бундан икки йил аввал — 2018-2019 ўқув йилида тумандаги 13-умумтаълим мактабининг 11-синфига бошқа мактабдан келиб қўшилганида, синфдошлари уни самимий қар­ши олишди. Аммо истараси иссиқ, тили ширин қиз ҳаммадан олдин 10-синфда ўқийдиган Зуҳриддин Ҳамидовнинг кўнглини ром этди.

Гарчи Зуҳриддин 10-синфда ўқиса-да, қиздан бир ёш катта эди. Шу боис у йигитларга хос дадиллик билан Шаҳлога дил изҳори қилди. Табиийки, аксарият қизларга йигитларнинг ана шу дадиллиги ёқади. Ш. Орифжонова ҳам З. Ҳамидовнинг муносабатини рад этмади. Аксинча, тез орада у ҳам йигитга маҳлиё бўлди-қолди.

Шундан сўнг икки ёшнинг муносабатлари кун сайин, ой сайин кучайиб боради. Уларнинг бирга ўт­казган дамлари турли аҳду паймонлар, келажак орзулари ва қуюқ ваъдалар билан кечарди. Хуллас, ишқ дарди иккаласининг ҳам кўзини кўр, қулоғини кар қилиб қўйганди. Би­роқ…

Бироқ 2019 йилда Шаҳло мактабни тамомлагач, ошиқ-маъшуқнинг ҳаловати бузилади. Негаки, қизнинг эшигини совчилар тақиллатиб кела бошлайди.

Тўғри, Зуҳриддин ҳам унга уйланишини доим айтиб келади. Лекин ўзидан олдин уйланадиган акаси бор эди-да. Бинобарин, йигит бояқиш чорасиз қолади. Ҳатто, ота-онасига ҳам қизни севишини, унга уйланиш нияти борлигини айтолмайди. Фақатгина эгизак синглиси Заҳро уларнинг муносабатидан бохабар эди, холос.

Шундай кунларнинг бирида Шаҳлонинг тоғаси Фурқатжон Низомов Зуҳриддин ўзининг жияни ортидан юрганини эшитиб қолади.

— Агар жиянимни яхши кўрсанг, ниятинг жиддий бўлса, совчиларингни юбор!, — дея шарт қўяди тоға бўлмиш.

— Менинг уйланадиган акам бор. Шунинг учун ҳозир совчи юборолмайман, — дейди бунга жавобан Зуҳриддин.

— Ундай бўлса, Шаҳлони тинч қўй. Биз сени кутиб, уни икки-уч йил олиб ўтиролмаймиз.

Шундан сўнг — ўтган йил декабрь ойида хонадон катталари қизни қўш­ни Наманган туманида яшовчи, 1994 йилда туғилган Латифжон Шерматовга унаштириб қўйишади. Гарчи Шаҳло ҳам Зуҳриддинни севса-да, онаси ва тоғасининг измидан чиқолмайди. Аммо З. Ҳамидов билан учрашишдан, учрашган кезларида эса, кўз ёшидан ўзини тиёлмайди.

Ўз навбатида, бошқа бировга унаштирилган қизининг эски ошиғи билан учрашиб юриши Маҳбуба Орифжонованинг ғашини келтиради. Шу боис 2019 йил 22 декабрь куни у Зуҳриддинни уйига чақириб, қизини тинч қўйишини талаб қилади. Ҳатто бу хусусда ҳудуд профилактика инспекторига ҳам маълум қилиб қўяди.

Бу можаролар эса, шундоғам ўз ёғига ўзи қовурилиб юрган Шаҳлонинг баттар юрагини сиқади. Шунинг учун қиз Зуҳриддинга қўнғироқ қилиб, дорихонадан кучли таъсир этувчи дори келтириб беришини, ўша дорини ичиб ёки каналга ташлаб, ўз жонига қасд қилмоқчи эканлигини ҳам айтади.

Бироқ йигит уни овутиб, руҳий далда беради.

Шу тариқа ҳаш-паш дегунча янги йил кириб, январь ойининг совуқ кунлари ҳам ўта бошлайди. «Балки қи­зим йигитдан узоқроқда бўлса, уни тезроқ унутар», деб ўйлайди Маҳбуба опа ана шундай кунларнинг бирида. Сўнг онаизор 2020 йил 22 январь куни Шаҳлони уй юмушларига кўмаклашиш баҳонасида Наманган шаҳридаги қариндоши Хадича Валижонованинг хонадонига жўнатиб юборади.

Лекин уяли телефон, телеграм дея аталган бугунги куннинг энг қулай алоқа воситалари ошиқ-маъшуқнинг айрилиғига озми-кўпми далда бўлиб туради.

Орадан бир ҳафта ўтиб, Ш. Орифжонова шаҳардан қайтаётганида З. Ҳамидовга қўнғироқ қилиб, хабар беради.

— Уйга келяпман, учрашамизми? — деб сўрайди у.

— Албатта, — дейди Зуҳриддин оғзи қулоғига етиб.

Шундан сўнг Шаҳло уйга етиб келади-да, синглиси Шоҳиста билан кўкат териб келиш баҳонасида кўчага чиқади. Опа-сингил маҳалла яқинидаги Тўдаариқ канали бўйига боришади. Улар етиб келганларида, Зуҳриддин ўша ерда эди. Чунки Ш. Орифжонова уйдан чиқишда аллақачон З. Ҳамидовга «SMS» хабар юборганди.

— Сен боққа бориб туравер, — дейди қиз синглисига.

Шоҳиста канал бўйлаб кетгач эса, Шаҳло яна ошиғига дардини айтади.

— Жуда қийналиб кетдим. Барибир, биз бир-биримизга етишолмаймиз.

У шундай деб уйидан олиб чиққан 2 до­на ошхона пичоғига ишора қилади.

— Аввал мени, кейин ўзингизни ўл­дирасиз, — дея шарт қўяди Зуҳриддинга.

Аслида З. Ҳамидов Ш. Орифжоновадан худди шу гапни кутиб тургандек эди.

Негаки, йигит сўнгги кунларда Шаҳлонинг Латифжон билан бирга бўлишини ўйлаб, рашк азобидан ухлолмай чиқаётганди. Бинобарин, қизнинг гапи унга энг тўғри йўл бўлиб туюлади.

Оқибатда у иккала пичоқдан бирини олиб, маъшуқасининг кўкрак қафасига 5 маротаба аёвсиз санчади. Ке­йин жиноий қилмиши ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан фош этилган тақдирда, гўёки айбини енгиллаштириш учун қўлидаги пичоқни ўзининг юрак соҳасига 2 маротаба уриб, енгил тан жароҳати етказади. Аммо ўз жонига қасд қилолмай, воқеа жойидан яширинади.

Тасодифни қарангки, ўша куни соат 16:20 атрофида Қозоқовул маҳалласида яшовчи Камолиддин Қорабоев ва Улуғбек Усмонов Тўдаариқ канали бўйидан ўтиб кетаётиб, қонга беланиб ётган Ш. Орифжоновани кўриб қолади. Улар боғбон Абдухалил Нурматов билан бирга ҳудуд профилактика инспекторига хабар беришади.

Пировардида қотил тунги соат 02:00 ларда Ўлжатўпи маҳалласи қабристонида яшириниб юрган маҳали ушланди.

Мазкур қотиллик жиноят ишлари бўйича Норин туман судида кўриб чиқилди.

Суд мажлисида З. Ҳамидов айбига иқрорлиги баробарида, ўз севгилисини ўлдириб қўйганидан қаттиқ пушаймонлигини билдирди. Шу боис суд уни Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топиб, узоқ муддатга озодликдан маҳрум этди.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, жабрланувчининг қонуний вакили М. Орифжонова суд мажлисида моддий ва маънавий зарарни ундиришдан ихтиёрий воз кечганлигини маълум қилди. Шунга қарамай, унга келгусида айни масалада фуқаролик судига мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилди.

Албатта, бу мудҳиш воқеа ҳақида ҳар ким ҳар хил фикрлаши мумкин: кимдир севги оташида ёнган ошиқ-мошиқларни қоралайди, кимдир оқлаши ҳам мумкин. Ҳақиқат шундаки, агар катталар, хусусан, ота-оналар уларнинг кўнглига қулоқ тутишиб, муҳаббат аталмиш соф туйғуга қарши чиқмасдан, бамаслаҳат иш тутишганида шу фожиа содир бўлмаслиги, аксинча, ёшлар ҳаётда бахтли яшашлари муқаррар эди. Бу мавзу жиддий ўйлаб кўришни тақозо қилади. Ва кимларгадир ибрат бўлиши ҳам мумкин. Зеро, «Бировнинг хатоси — бошқага сабоқ», — деб шунга айтсалар керак.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!