"Учар товуқлар" ёхуд мактабгача таълим муассасаларида аҳвол қандай?

"Учар товуқлар" ёхуд мактабгача таълим муассасаларида аҳвол қандай?

Самарқанд вилоят ҳокимлигининг аппарат йиғилишида берилган топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида туман ишчи гуруҳи томонидан бир қатор мактабгача таълим муассасаларидаги аҳвол ўрганиб чиқилди.

Афсуски, текширув олиб борилган 4 та МТМнинг бирортасида ҳам бу борада бирон бир ижобий ҳолатлар кузатилмади. Ачинарлиси, муассаса таомномасида кўрсатилган барча маҳсулотлар айниқса, гўшт маҳсулотлари болажонларга тўлиқ етказиб берилаётгани йўқ. Мисол учун Хожа Аҳрори Вали маҳалласида жойлашган 1 - мактабгача таълим муассасасида (мудираси Лазиза Акобирова) таомнома бўйича 180 нафар боланинг овқатига 18 кг гўшт солиниши керак бўлган ҳолда биринчи овқатга бор - йўғи 5 кг товуқ гўшти солинган. Соат 11:00 дан ўтган бўлишига қарамай иккинчи овқатни тайёрлашга ҳали киришилмаганлигини қандай изоҳлаш мумкин. Ёки "табака" бўлишини билган товуқлар қанот чиқариб "учиб" кетдимикан?

Фақат бу эмас, муассасада санитария - гигиена қоидаларига риоя этиш ҳам талаб даражасида деб бўлмайди. 3-ўрта гуруҳда канализация тармоғи ишламаётганлиги боис, ҳаммаёқни бадбўй ҳид эгаллаб олган. Мазкур ҳолатга ходимлардан изоҳ сўралганда, негадир жавоб беришдан бош тортишди. Гуруҳларда қайнатилган сув ташкил этилмаган. Қўшкўприк маҳалласидаги 25 - МТМда (мудира Санобар Мирсаидова) ҳам аҳвол бу ердагидан яхши эмас. Ободончилик ишлари ўлда-жўлда бўлиб ётибди. Иккинчи овқатни ташқарида (ўчоқда) санитария қоидаларига зид тарзда тайёрланаётганлиги гувоҳи бўлдик. Муассасада ёнғин хавфсизлиги ҳолатини кўздан кечирганимизда, 4 нуқтали газ плитаси мавжуд бўлиб ундан ҳавосўргичсиз ва резина шланг орқали фойдалаётганлиги маълум бўлди. Фавқулодда ҳолат пайтида ёки ёнғин содир бўлганда бинодаги моддий бойлик ва инсонларни қутқарув режаси тасдиқланмаган. 1 дона ОП-3 ёнғин ўчириш воситаси ҳам носоз аҳволда. Ёнғинга қарши ҳовуз мавжуд бўлса-да, сув билан тўлдирилмаган, ичини бегона ўт босиб ётибди.

Ипакчи маҳалласида жойлашган 13-МТМдаги аҳвол бунданда ачинарли. Муассаса ҳовлисида бегона итлар дайдиб юрибди. Бу эса болалар ҳаётига катта хавф солиши на боғча ходимлари ва на тегишли идора мутасаддиларини хаёлларига ҳам келмаяпти. Ҳовли бегона ўтлардан тозаланмаган, ободонлаштириш ишлари ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Ўша куни боғчада 48 нафар тарбияланувчиларга овқат тайёрланган бўлиб, ҳақиқатда 58 нафар болаларга тарқатилганлиги аниқланди.

Ёнғин хавфсизлиги ҳолатини ўрганиш жараёнида боғча куз-қиш мавсумига мутлақо тайёр эмаслиги маълум бўлди. Шунингдек Миришкор маҳалласидаги 9-МТМда ҳам худди юқоридагилар каби ҳолат ва манзараларни кузатиш мумкин. Бу эса бугун тумандаги кўпгина мактабгача таълим муассасаларидаги аҳвол ўта қониқарсиз, талаб даражасида эмаслигидан далолат беради. Хўш, бунга асосий сабаб нима? Кимларнинг айби билан аҳвол шу даражага етган? Қайд этилган камчиликлар қачон бартараф этилади? Таҳририят туман мактабгача таълим бўлими мутасаддиларидан жавоб кутади.

Самарқанд туман ҳокимлиги

ахборот хизмати


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!