Тўйларимиз билан боғлиқ “хурмача“ одатларнинг чегараси борми?

Тўйларимиз билан боғлиқ “хурмача“ одатларнинг чегараси борми?

Орзу-ҳаваси кўп халқмиз. Удумлари гўзал, ор-номусли миллатмиз. Фарзандимиз дунёга келиши билан қўни-қўшни, ёр-биродарларга дастурхон ёзиш ғамида бўламиз. Урф-одатларимизни адо этиш ниятида елиб-югурамиз.

Ўғил уйлантириш, қиз узатиш, деган ташвиш билан йиллар давомида йиғинамиз. Зеро, кексаларимизнинг “топганинг тўйга буюрсин“, деб дуо қилишида ҳам шундай орзу-умидлар, улуғ қадриятлар рўёби мужассам.

Тўйдан мақсад-муддао – фарзандга бахт-иқбол тилаб, эл дуосини олиш. Қиз боланинг турмушга узатилганини маҳалла-кўйга маълум қилиш, холос. Пайғамбаримизнинг никоҳнинг (тўйнинг) яхшиси енгилидир (кам харжлиси), деган ҳадисида чуқур маъно бор. Бироқ кейинги пайтларда тўй ва бошқа маросимларни ўтказишда ўзимиз ўйлаб топаётган “хурмача“ қилиқлар тўқликка шўхлик бўлмаяптими? Ёки топган-тутганини муҳташам ресторанларда танишу нотаниш одамлар олдига тўкиш, исрофгарчиликка йўл қўйиш, ярим тунгача эркагу аёл, кексаю ёш сархуш бўлиб рақсга тушиш жамиятга қандай наф, фарзандга қандай бахт келтириши мумкин?

Ўйламай-нетмай, сохта обрў учун қилинаётган бу ишлардан қўли калта оилаларнинг дили ўксимайди, қалби оғринмайди, дейсизми? Қўпол бўлса-да, айтиш керак, пул топиб ақл топмаган бу тоифадаги айрим инсонлар фарзандлари қураётган оилага тўйдан сўнг дарз кетишида ўзлари “кашф“ этаётган янгича удумларнинг таъсири йўқ, деб ўйлайсизми?

Яқинда Термиз шаҳридаги катта тўйхоналардан бирида зиёли оилада униб-ўсган олий маълумотли қизнинг тўй базми бўлибди. Ўша тўйда иштирок этган аёллардан бири таассуротларини қуйидагича ҳикоя қилади:

– Шаҳло (исм ўзгартирилди) шундай чиройли келин бўлди. Лекин тўйдаги янги “удум”дан бироз шошиб қолдик. Тўй ўрталарида биз ўтирган стол ёнига Шаҳлонинг бутун кийим-кечакларини олиб келиб, уларни кўз-кўз қилган ҳолда бирма-бир таъриф бера бошлашди. Мана буниси тунда киядигани, буниси меҳмонга, тонгда... Эҳ-ҳе, бу кийим-кечакларни томоша қилиб, таърифини эшитиб, уялганимиздан юзимизни эркаклардан қўлимиз билан яширишга мажбур бўлдик. Кийим-кечак ва бошқа сарполарни пулга чақсангиз, ақлингиз шошади. Пули ҳам майли, топармон-тутармон куёв тараф олиб берибди. Лекин уларни шунча эркак олдида намойиш қилишнинг нима кераги бор? Қайси миллатга хос бу?

Биргина Термиз шаҳрида ўндан ортиқ замонавий тўйхона мавжуд. Битта стул нархи олти мингдан ўн минг сўмгача. Видеотасвирчи, саҳна безовчи, сураткаш ва санъаткорга пул берасиз. Эрталаб наҳор оши, кечга базм уюштирасиз. Дастурхон ҳам қўшниникидан зўр бўлсин, деб камида қирқ миллион сўмдан нари-бери маблағни сарфлаб юборасиз. Қарабсизки, бир кунлик хурсандчилик учун 50-60 миллион сўмнинг баҳридан кечасиз. Бунга ҳали турли сарполару, тилла зираклар, бошқа совға-саломларни, қуда чақирдиларни қўшмадик. Аслида бу манманлик, дабдабабозлик ва яна алламбало "...лик"лардан бошқа нарса эмас.

Ўрни келганда айтиш керак, қиз базмида зиёли оила кўрсатган кийим-кечак “намойиши"ни айрим содда оналар, орзуманд қизлар “тўйда шунақа урф бор экан-у, биз билмас эканмиз“, деб кўнгиллари суст кетмайдими? Имконияти етса-ку, хўп-хўп, қурби етмаса қандай йўл тутади? Ҳам қуда тарафни қарзга ботириб, ҳам ўзлари қарздор бўлиб, тўйдан кейин "томоша" кўрсатади. Шу маънода, бугун яхши ният билан оила қураётган келин-куёвларнинг ажрашиб кетишига бировлар кетидан эргашиб, бор кучимиз билан янги удумларга сажда қилаётганимиз, зўрма-зўраки тўй ўтказаётганимиз сабаб бўлаётир. Айрим ҳолларда ҳали тўй бўлмай туриб қуда-андалар ўртасига совуқчилик тушаётгани, ажрашиб кетаётгани ҳам бор гап.

Эрта тонг. Термиз автовокзалидан Денов шаҳрига қараб йўлга тушдик. Шаҳардаги “Афрўз“ тўйхонаси рўпарасидан ўтаётганимизда шерикларимиздан бири рестораннинг дид билан ҳашамдор қурилганини таърифлаб қолди. Киракаш ҳайдовчи унинг гапларини маъқуллаётганида ёши улуғроқ йўловчи мавзуни тўйлар масаласига бурди.

– Бу ресторанларда тўй беришнинг қулай томони жуда кўп-ку, лекин тўй ва бошқа маросимлар билан боғлиқ янги удумлар болалаётгани чатоқ бўляпти-да, – деди у. – Ўзига тўқ оилалар ўйлаб топаётган янги урф-одатлар қўли калта хонадонларга жабр бўлмоқда. Фарзандининг айтганини қиламан, деб айрим ота-оналар, оилалар қийналиб қолаётир. Масалан, маҳалламизда бир муштипар онанинг ўғли бор эди. Отаси ичкилик кетидан қазо қилиб кетди. Ўғил тайинли бир жойда ишламайди. Она бечора қарилик пенсиясини олади. Рўзғорни тебратиш, ўғлини уйлантириш учун қаерлардадир ишлаб, пул топиб юради. Кунлардан бир кун яқин қариндошиникига бориб, қизига оғиз солибди. “Ёлғизгина ўғлим. Кўзим очиғида уни уйли-жойли қилайин. Шу қизингни ўғлимга унаштириб қўяйлик. Бегона эмасмиз. Тўйни ҳам келишамиз. Бор нарсам шу икковиники. Бахтли бўлиб кетса бўлди,“ дебди. Онахон ҳам рози бўлибди. Кўп харажат қилдирмасликка сўз берибди. Аммо фотиҳа тўйда қуда холанинг авзойи бузилибди. Кутилмаганда: қизим кимдан кам, деб гап бошлабди. Фалон сўм пул, фалон қўй, фалон ресторанда тўй қилиб берасиз, дея яна кўп талабни айтибди. Ор-номус учун рози бўлган онаизор тижорат банкидан кредит олишга уриниб кўрди, бўлмади. Қўни-қўшнилардан қарз сўради. Имкони топилмади. Бу ёғи ўғли ҳам уйларнинг эшигини янгиламасангиз, ромларни алмаштирмасангиз уйланмайман, деб оёқ тираб олди. Ниҳоят, қўли калталигига кўзи етгач, яқин қариндошининг қизини ҳам келин қилмайдиган бўлди.

– Бола уйланолмадими ҳали, – сўради бошқа бир шеригимиз.

– Уйланди, – деди бироз ўйчан қиёфада. – Бу машмашалардан сўнг ҳолдан тойган она кутилмаганда касалхонага тушди. Аёлларимиз ҳол-аҳвол сўраб турди. 10 кунча даволангач, шифокорлар уйига жавоб бериб юборди. Аҳволи оғирлашавергач, маҳалланинг кайвони аёлларидан бири “ўғлини тезроқ уйлантирайлик, қўшнимиз қийналиб ётмасин“, дея болани ўртага олиб, вазиятни обдон тушунтирибди. Оддий оилада ўсган бир қизни тавсия қилишибди. Бола рози бўлибди. Маҳалла аҳли пул йиғиб, тўйини қилиб бердик. Орадан икки кун ўтгач, онахоннинг жони узилди.

Бу воқеани эшитиб, барчамиз беихтиёр оғир ўйга чўмдик. Ҳар биримиз хаёлан аянчли воқеанинг айбдорини топишга ҳаракат қилдик. Маҳалла аёлларининг аҳиллигидан суюнган бўлсак-да, орзулари бир олам қўли калта онаизорга ачиндик...

Кенг, равон йўлда елиб бораётган енгил машинадаги сукунатни ёши улуғ ҳамроҳимизнинг ўзи бузди:

– Биласизларми, овқатнинг энг ёмони қорни тўқлар чақирилиб, қорни очлар чақирилмаган тўй таомидир. Бу менинг гапим эмас, пайғамбаримизнинг ҳадислари. Болалигимизда тўй дастурхонлари ҳозиргидек тўкин-сочин бўлмасди. Ҳар-ҳар жойга бўғирсоқ, нон, қанд-қурс, майиз, ёнғоқ қўйилар эди. Камбағалроқ кишилар ва уларнинг болаларига кўпроқ эътибор бериларди. Бугунгидек данғиллама тўй қилишга ҳеч кимнинг юраги бетламас эди. Чунки сўрови бор эди. Эндиликда эркинмиз, озодмиз. Бу тўйнинг маблағини кимдан, қаердан олдинг, деб ҳеч ким сўрамайди. Бунга шукур қилиш ўрнига исрофгарчилик қилинаётгани, ношукурчилик авж олаётгани ачинарли. Муҳташам тўйхоналар – юртимиз зийнати. Менимча, уларни безаб турадиган яна бир нарса қорни тўқлар қатнашган базмлар эмас, балки кўпроқ эҳтиёжманд кишилар иштирок этган тўйлардир. Албатта, бу менинг фикрим. Сизлар нима дейсизлар, билмадим?

Гурунгимиз узоқ давом этди. Тўйлар ҳақида биримиз у дедик, биримиз бу, отахон ҳақ гапни айтаётганини, тўй ва бошқа маросимларни ўтказишда исрофгарчиликка йўл қўяётганимизни тан олдик. Тўйларни ихчамлаштириш катта-кичик давраларда тез-тез муҳокама этилаётган экан, демак, оғриқли нуқталари илдиз отаётган миллий маросимларимизни тезроқ тартибга солиш чораларини кўриш керак, деган фикрни илгари сурдик.

Хуллас, йўлда бугунги тўйларимиз билан боғлиқ ўйларимизни узоқ муҳокама қилиб, манзилга етгунча ана шундай тўхтамга келдик. Бу муаммонинг ечими борми? Сиз нима дейсиз, муҳтарам ўқувчи?


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!