“Тўйбола” тиланчилар. Уларни ана шундай ҳуқуқбузарликка кимлар етаклаяпти?

“Тўйбола” тиланчилар. Уларни ана шундай ҳуқуқбузарликка кимлар етаклаяпти?

...Шаҳрисабз шаҳридаги ҳашаматли “Ёшлар саройи” деб номланган рес­торанда ўтказилган тўйда қатнашдим. Дастурхон ноз-неъматларга тўла, хизматчиларнинг қўли қўлига тегмайди. Секин даврани кузата бош­ладим. Мезбон бир муддат хорижда ишлаган экан, шу ёқда орттирган дўстлари бўлса керак, тўрдаги столда саккиз чоғли чет эллик меҳмон ўтирибди.

Бир маҳал давра тўрида юрган тўйболага кўзим тушди: эгнидаги шаҳзодалардек зарбоф тўнга мос белбоғ, бошида салла, оёқларида эса... чўпоёқ (?!). Чамаси 12-13 ёшлар атрофида. Одатда воҳа томонларда суннат тўйини ўғил бола мактабга чиққунича нишонлашарди, буниси қизиқ бўлди-ку, деб ўтирибман.

Тўй боланинг ота-онаси эшик олдида меҳмонларни кутиб олишмоқда, у эса давра ўртасида бемалол айланиб юрар, ҳар бир стол атрофига бориб, меҳмонларга қўлини чўзиб, пул сўрарди.

– Вой, сизларда энди тўйбола пул терадиган бўлдими? – ажабланиб сўрадим ёнимдаги аёлдан.

– Йўқ, бу тўйболамас, қўлбола тиланчи, ҳамма тўйга кириб чиқади, кўрмаганмидингиз? “Эга”лари ташқарида, машинасида олиб юради. Нима деймиз, бу ёғи ўзбекчилик, ким ҳам ҳайдаб юборарди? Булар бизнинг андишали эканлигимизни суиистеъмол қилишади...

Келинг, “текин томоша”ни тўхтатиб турайлик-да, бу ҳолатга қонунчилик юзасидан жавоб излайлик. 
Амалдаги қонунларимизда вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб этиш жамоат тартибига тажовуз қилувчи ҳуқуқбузарликлар сирасига киради ва маъмурий жавобгарликни келтириб чиқаради. Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 188-моддасига асосан вояга етмаган шахсни тиланчиликка жалб қилиш – энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Тиланчиликка жалб қилиш деганда, вояга етмаган шахсни бегона шахслардан пул, озиқ-овқатлар, кийим-кечак ва бошқа буюмлар сўрашга ўргатиш ва далолат қилиш тушунилади. Борди-ю, шахс бундай ҳаракатлари учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бу ҳолатни яна содир этса,жиноий жавобгарликка тортилади: энг кам ойлик иш ҳақининг юз бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади (Жиноят кодекси 127-моддаси).

Яна тўйхонага қайтамиз: оёғига чўпоёқ кийволиб пул сўраётган боланинг ортида турган шахс – вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиб, жамоат тартибига тажовуз қилаётган ҳуқуқбузардир. Ҳуқуқбузарки, халқимизнинг шафқатлилиги, кўнгилчанлиги туфайли жамоатчилик назоратидек ўта муҳим ва фойдали институтнинг тўлақонли аъзоси эканлигини англамаётган ва шу туфайли бунда фаол иштирок этолмаётганини “унумли” ва юзсизларча оёқости қилиб, ноқонуний, ҳаром йўллар орқали жиғилдонини тўлдириб келаётган боқиманда!  

Дейлик, меҳмонларнинг аксарияти бундай қўлбола садақахўр ва унинг ортида турган кимса билан иши йўқдир, аммо бу каби ҳашаматли тўйхоналар соҳиблари-чи, улар қаёққа қарашяпти? 

Бу кўнгилсиз манзарани лоқайд кузатиб турган масъуллардан бирига эътироз билдирдим: “Нега бу боланинг номаъқул қилиқларини кўриб индамаяпсизлар? Ахир, қаранг, орамизда чет эллик меҳмонлар ҳам бор экан, уларга кулги бўламиз-ку!”.

У менинг гапларимни эшитиб, пинагиниям бузмади, аксинча, энсаси қотиб:

– Меҳмонмисиз, иззатингизни билиб ўтиравермайсизми, сизга нима, оғири тушяптими? – деса бўладими...

Ана сизга, шу тўйхонадаги тартиб-интизомга жавобгар кимсанинг жавоби. Бошқалардан нимани кутасиз энди? 

Шу ўринда бир мулоҳаза ва у туфайли бир таклиф. Маълумки, вояга етмаган шахснинг кўнгил очиш (дам олиш) жойларида тунги вақтда бўлишига йўл қўйгани учун ресторан, кафе, бар, клуб, дискотека, кинотеатрлар, компьютер заллари, интернет тармоғидан фойдаланиш хизматларини кўрсатиш учун жиҳозланган хоналар ёки бошқа кўнгил очиш (дам олиш) жойларининг раҳбарлари ёхуд бошқа масъул шахслари қонунга биноан жавобгарликликка тортилади (энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорида жарима. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 1882-модда). Аммо қонунларимизда вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга, хусусан тиланчиликка жалб қилишга йўл қўйгани (!) ва бунга шароит яратиб бергани учун бундай жойларнинг раҳбарлари ёхуд бошқа масъул шахсларининг жавобгарлигини белгилаб берувчи норма йўқ! Демак, қонунчиликка бундай меъёрни жорий этиш зарурати пайдо бўлмоқда.

“Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги қонунимизда таъриф берилганидек: “ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар – вояга етмаганнинг мунтазам равишда спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари, психотроп ёки ақл-ирода фаолиятига таъсир этувчи бошқа моддаларни истеъмол қилишида, фоҳишалик, тиланчилик билан шуғулланишида ифодаланадиган хатти-ҳаракатлари, шунингдек, ўзга фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини бузадиган бошқа хатти-ҳаракатлари”дир. Ресторанда тиланчилик қилаётган болакай ўзининг ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлари билан нафақат ҳуқуқбузарлик содир этаяпти, шу билан бирга, бу ерда дам олиш, яхши кунни кўнгилдагидек нишонлашни ният қилиб келган меҳмонлар – фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини бузаяпти!

Демак, бизнинг таклифимиз эътиборга олинса, ҳуқуқий саводхонлиги ва виждон амри бўлмаган баъзи тўйхона масъуллари қонун амрига бўйсунармиди? Шу билан ёш ўғил-қизларимиздан чиркин мақсадда фойдаланиш, уларни илм-маърифат олишга эмас, аксинча, боқимандаликка, безбетликка ўргатиб кун кўрувчилар бироз бўлса-да камаярмиди?

Manba: 21asr.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!