Туркманистон хориждан келганлар учун карантинни 21 кунга узайтирди

Туркманистон хориждан келганлар учун карантинни 21 кунга узайтирди

Туркманистонда хориждан қайтган фуқаролар учун карантин муддати 14 кундан 21 кунга узайтирилди. Бу ҳақда Asia Plus хабар берди.

Аввалроқ баъзи одамлар карантин лагерларида 21 кунни ўтказаётгани ҳақида мустақил ОАВларда хабарлар пайдо бўлган. Бироқ барча манбалар ҳам бу маълумотни тасдиқламаган.

Туркманистоннинг расмий ОАВлари мамлакатда коронавирус йўқ эканлиги ҳақидаги позицияни бутун ёз давомида таъкидлади. Бироқ Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессияси очилишида нутқ сўзлаганди ва унда мамлакатда коронавирус йўқлиги ёки борлиги ҳақида бирор сўз айтмаган. У фақат бу инфекциянинг дунё миқёсидаги хавфи ҳақида гапирган.

Туркманистоннинг бошқа давлатлар билан доимий қатновлари тўхтатилган, бироқ август ойидан буён хорижда қолган фуқароларни қайтариш бўйича рейслар амалга оширилмоқда. Бу рейслар билан келганлар карантин лагерларига жойлаштирилмоқда.

«Turkmen.news» нашри Лебап вилоятидаги карантин лагери акс этган суратни эълон қилган ва у ерда карантин ўтаган киши билан суҳбат қилган. Суратда фуқаролар антисанитар шароитларида сақланаётганини кўриш мумкин.

Карантинда бўлган кишининг айтишича, яхши овқат, тоза тўшак ва ҳатто тоза сувни фақат қариндошлардан олиш мумкин. Лагерда яшовчиларнинг телефонлари олиб қўйилади, шунинг учун интернетда у ердаги ҳолатлар ҳақида жуда кам сурат чиққан.

Бугунги кунда Туркманистон ва Шимолий Корея аҳолиси бир миллиондан ортиқ бўлган ва ҳукуматлари коронавирус йўқлигини таъкидлаётган сўнгги давлатлар бўлиб қолмоқда.

Аввалроқ  Туркманистонда хорижликлар учун мамлакатга кириш чеклови 2021 йилга қадар узайтирилганди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!