Туркманистон ҳам икки палатали парламент тизимига ўтади

Туркманистон ҳам икки палатали парламент тизимига ўтади

Туркманистонда Президент Гурбангули Бердимуҳамедов бошчилигида мамлакат Конституциясига қўшимча ва ўзгартиришлар масалалари юзасидан Конституцияни ўзгаритириш ва умумлаштириш комиссиясининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда сўзга чиққан мамлакат раҳбари ушбу комиссиянинг мақсади икки палатали парламент тузиш, унинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари, ваколатлари ва ваколат муддатларини белгилаш, шунингдек, унинг ташкил этилишини таъминлашдан иборат, деди.

Бердимуҳамедов Конституциявий комиссия ушбу ишни Парламент, Вазирлар Маҳкамаси, тегишли вазирлик ва тармоқ бошқармалари, сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари, маҳаллий ҳокимият органлари ва фуқаролар билан яқин ҳамкорликда олиб бориши зарурлигини таъкидлади.

«Ушбу йўналишдаги ишларнинг натижаларига кўра, мамлакат Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида Конституциявий қонун лойиҳасини тайёрлаш ва уни Халқ Маслаҳатининг 2020 йилда бўлиб ўтадиган йиғилишида кўриб чиқиш учун киритиш режалаштирилмоқда», деб таъкидлади давлат раҳбари.

Конституциявий комиссия йиғилишида Президент биринчи фармонни имзолади. Унга кўра, Межилис (Парламент) раиси Гулшат Маммедова Конституциявий комиссия раиси ўринбосари этиб тайинлади.

Туркманистоннинг амалдаги қонунчилигига кўра, Межилис қонун чиқарувчи ҳокимиятни амалга оширувчи вакиллик органи ҳисобланади. Шу билан бир қаторда 2008 йилда тугатилган Халқ Маслаҳати - халқ ҳокимияти олий органи ҳам 2017 йилда қайта ташкил этилди. Иккинчи йиғилишда президент Межилис ҳамда Халқ Маслаҳатини бирлаштириш орқали мамлакатда икки палатали парламент ташкил этиш ташаббусини илгари сурди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!