Туркларнинг анъанавий “хина кечаси”

Туркларнинг анъанавий “хина кечаси”

Туркларнинг ўзига хос анъаналаридан бири бўлган “хина кечаси“, авваллари турмуш қураётган икки ёшнинг оиласидаги фақатгина аёл ва қизлар жамланган, вақт ўтиши билан эса эркаклар ҳам иштирок этишни бошлаган тўй олди маросими ҳисобланади.

Туркиянинг турли минтақаларида турлича бўлсада, анъанавий “хина кечаси” келиннинг ота уйида тўйдан бир кун олдин ўтказилади.

Хина кечасига тайёргарлик, маросимдан бир кун олдин куёвнинг оиласи томонидан юборилган хина ва қуруқ мева каби совға салом юбориш билан бошланади. Хуфтон намозидан сўнг қизнинг ота уйида бўлиб ўтадиган “хина кечаси” маросимида анъанавий каштали қизил кўйлак кийган келиннинг юзи ҳарир қизил ёпинчиқ билан ёпилади.

Туркиянинг турли минтақаларида турлича бўлсада, маросимда энг асосийси хина қўйишдан олдин келинни йиғлатиш ҳисобланади. Шу сабабли, хина қўйишдан олдин турмушга чиқмаган қизлар қўлларида шам ушлаган ҳолда келиннинг атрофида айланиб ота-она мавзусидаги инсонни маҳзун қилувчи қўшиқлар куйлашади ҳамда рақсга тушади.

Анъанавий хина тайёрлаш ва хина қўйиш вазифаси одатда бахтли оила соҳибаси бўлган аёлга берилади. Хина мис идишда тайёрланади ва кейин шамлар билан безатилган хина патнисида хонага олиб келинади.

Хина кечаси маросимининг яна бир муҳим одати эса, келиннинг хина қўйилган кафтини очмаслигидир. Хина қўйган аёл, “Келин кафтини очмаяпти” дейиши билан бўлғуси қайнона келиннинг кафтига хина совғаси сифатида тилла танга ёки тақинчоқ қўяди.

Хина кечасида келинни йиғлатиш одатидан кейин келиннинг ўнг кафтига хина суртилади ва рўмолча билан ўралади ва қўлқоп кийдирилади.

Келиннинг кафтига хина қўйилгандан сўнг, маросим қўшиқ куйлаш, ширинликлардан татиб кўриш ҳамда туннинг ярмигача чўзилиши мумкин бўлган суҳбатлар билан давом этади. Кеча давомида турмушга чиқмаган қизлар яхши ният қилиб қўлларига хина суртадилар.

Низомжон Исломов тайёрлади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!