Туркиянинг Дудени: Александр Македонский отларини суғорган шаршара ҳақида

Туркиянинг Дудени: Александр Македонский отларини суғорган шаршара ҳақида

Анталия шаҳар марказидан тахминан 10 километр узоқликда жойлашган Дуден шаршараси сайёҳлар энг кўп ташриф буюрадиган жойлардан бири ҳисобланади.

Шаршара оқими бўйлаб икки тармоққа бўлинади: Анталиядан тахминан 7 километр узоқликдаги Қуйи Дуден (ёки Карпуз шаршараси) ва Юқори Дуден (Искандар) шаршараси.

Мафтункор шаршара ортида жойлашган ғор эса сизни орзулар оламига етаклайди. Ғорнинг бўшлиқларида Дуден шаршарасини бутунлай ўзгача ҳис этасиз ва кундалик чарчоқларингизни унутасиз.

Бутун дунёдан ташриф буюрувчи сайёҳлар билан тўла Дуден шаршараси атрофида жойлашган ресторанлар, кўнгилочар марказлар, ҳайвонот боғи ва сувенирлар ҳарид қилинадиган дўконлар эса сизни янада кўпроқ завқланишингизга имкон яратади.

Сайёҳлар тез-тез ташриф буюрадиган Дуден шаршарасига шаҳар марказидан атига битта автобус ёки микроавтобусда етиб олишингиз мумкин.

Ҳар йили минглаб маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар ташриф буюрадиган Дуден шаршараси гўзаллиги ва озодалигини доимий сақлаб туриш учун эса АНСEТ ташкилоти хизмат кўрсатади.

Юқори Дуден шаршараси Искандар шаршараси деб ҳам аталади. Милоддан аввалги 334-333 йилларда Памфилияни забт этган Александр Македонский, бу ҳудуддан ўтаётганда отларини суғориб олгани ривоят қилинади. Юқори Дуден шаршараси жойлашган ҳудуд 1970-1972 йилларда Давлат гидротехника ташкилоти томонидан сайр ва дам олиш масканига айлантирилган. Айни пайтда уни Дуденбаши шаршараси деб атайдиганлар ҳам топилади.

Суви камайиб кетган кунларда ҳам Дуденбаши шаршараси остидан секундига камида 10 куб метр сув кўтарилади. Бу сувнинг максимал сарфи 94 метр кубни, ўртача тезлиги эса секундига 15-16 кубометрни ташкил қилади. Дуденбашида юқоридан шаршара ҳосил қилиб оқадиган сув Кепез ГEСидан келадиган сувдан ташкил топади. Дуденбашидан кейин иккита асосий каналга бўлинган оқимлар Анталиянинг шарқидан 40 метр баландликдаги Ўрта ер денгизига қуйилади.

Низомжон Исломов тайёрлади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!