Туркиядаги ўзбек таккалари ҳақида маълумотга эгамисиз? Таккалар нима?

Туркиядаги ўзбек таккалари ҳақида маълумотга эгамисиз? Таккалар нима?

Ўзбек таккаси 1752 йилда Бухоро Нақшбандия дарвешлари томонидан Аҳмад Яссавий анъанаси бўйича Туркиянинг Ускудар тумани Султонтепе маҳалласида қурилган. Таккалар ўтмишдан Ислом маданиятининг ажралмас парчаси бўлиб, масжид, мадрасалар каби таккалар ҳам таълим ва ибодат масканлари ҳисобланган.

Дарвеш таккалари асрлар давомида диний, сиёсий, иқтисодий, ҳарбий, ахлоқий, илмий ва маърифий фаолиятлари билан давлат ва жамиятга катта таъсир кўрсатиб келган.

Такка моҳиятан бирор шайх раҳбарлигида сўфийлик таълими бериладиган жой ҳисобланган ва сўфийлик анъаналари ва шайхнинг муносабати таккани бошқариш тамойилларини белгилаган.

Таккалар замон ва маконга кўра ўзгариб турувчи зовия, хонақоҳ, меҳроб, тавҳидхона, ҳаробат, иморат, қаландархона каби номлар билан ҳам аталган.

Ислом цивилизациясининг асосий маданий муассасаларидан бири бўлган таккалар ўтмишда ислом оламига етакчилик қилган Усмонийлар империяси ва унинг амалдорлари томонидан шахсан қўллаб-қувватланган.

Усмонийлар салтанатининг олти асрлик даврида давлат ҳудудида беш юзга яқин такка фаолият юритган ва улар илмий, интеллектуал ва сиёсий тузилишдан кўра жамиятнинг маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиявий хусусиятига эга бўлган. Нақшбандия тариқати тамойиллари асосида фаолият юритувчи, илдизи Туркистонда, яъни Моваронуннаҳрда шаклланган ўзбек таккалари ислом оламида тараққиёт марказлари ҳисобланган барча машҳур шаҳарларда мавжуд эди. Макка, Мадина, Жидда, Қуддус, Бағдод, Ҳалаб, Бурса, Истанбул каби шаҳарлардаги бу масканлар ўз даврининг илм-фан ва маданият марказлари бўлган.

Истанбулда «Ўзбеклар» номи билан маълум ва машҳур бўлган бешта такка фаолият юритган бўлиб, уларнинг Истанбулнинг энг марказий жойларида қурилганлиги ҳам унинг давлат назарида алоҳида аҳамият ва мавқега эга эканлигини кўрсатади.

Ускударнинг Султонтепа, Сусузбоғ, Эюп, Аксарай ва Кадиргада фаолият кўрсатган таккалардан асосан учтаси кўпроқ кўзга ташланган. Улар Эюп ўзбеклар таккаси, Ускудар ўзбеклер таккаси, Султанаҳмет Бинбирдирек маҳалласидаги Шаҳид Меҳмет Паша тепалигида жойлашган Буҳара ўзбеклар таккаси.

Ўзбеклар таккаларида Нақшибандия тариқатига оид диний маросимлар ташкил қилиган ҳамда тариқатнинг “Ҳатм-и Ҳасегâн” номи билан машҳур бўлган ибодат маросими ўтказилган.

Унга кўра, Қуръондан тартиб билан «Иҳлос», «Фотиҳа» ва “Оли Имрон” суралари ўқилган, сўнгра зикр маросимлари ташкил этилган. Такка шайхлари туркистонлик тариқат раҳбарларидан тайинланган. Улар аслан ўзбек бўлганликлари учун уруғ номи баъзан такка номи билан бирга қўлланилган.

Такка шайхлари Усмонлилар давлатидан маош олишган. Таккаларнинг барча харажатлари давлат ҳазинасидан қопланган.

Таккалар -Туркистоннинг шарқи, ғарби, шимоли ва жанубидан Маккага йўл олган ўзбек, қозоқ, қирғиз, туркман, тожик, турк каби ҳожиларнинг тўхташ ва эҳтиёжларини қондирувчи карвонсарой вазифасини ҳам бажарган.

Номидан кўриниб турибдики, Ўзбеклар Таккалари, асосан, ўзбеклар бошпана топадиган ва Туркистон аҳолиси тез-тез ташриф буюрадиган масканлар бўлсада, қайсидир маънода Истанбулдаги элчихона хизматини ҳам зиммасига олган.

Ўзбеклар таккаларида етишиб чиққан шахслар бу ерларни илм-фан ва маданият марказларига айлантирган. Бу иншоотлар турар жой вазифасидан ташқари, Ўрта Осиё сўфийлик маданияти ва тариқат анъаналари сақланиб қолган ирфон ўчоғи ҳисобланган. Ўтмишда бу масканларга Туркистон заминидан кўплаб буюк инсонлар келиб кетган. Таккаларни тарк этмаганлари эса, такка яқинидаги қабристонларда мангуга қўним топишган.

Ҳозирда ҳам ўзбеклар номи билан боғлиқ равишда эсга олинадиган бу таккалар, эски даврдаги вазифаларини бажармаётган бўлсада, тарихда бажарган вазифасини эслатиб туриши билан ҳам аҳамиятлидир.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!