Туркий дунё ҳафталиги Бокуда бошланди: Туркий маданият ва мерос жамғармаси қатор тадбирларни ташкил этади
2026 йил 29 июнь куни Бокудаги Ҳайдар Алиев марказида Биринчи Туркология қурултойининг 100 йиллигига бағишланган Туркий дунё ҳафталигининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Туркий маданият ва мерос жамғармаси президенти, профессор Актоти Раимқулова иштирок этди.
Мазкур ҳафталик Озарбайжон Республикаси Президенти Жаноби Олийлари Илҳом Алиевнинг 2025 йил 22 октябрдаги **«Биринчи Туркология қурултойининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида»**ги Фармонига мувофиқ ташкил этилмоқда. Шунингдек, ушбу тарихий сана муносабати билан қатор тадбирларни ўтказиш ташаббуси 2025 йил 7 октябрь куни Озарбайжон Республикасининг Габала шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг 12-саммитида туркий давлатлар раҳбарлари томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланган.
Очилиш маросимида Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғиз Республикаси, Туркия ва Ўзбекистон давлат раҳбарларининг Биринчи Туркология қурултойининг 100 йиллигига бағишланган Туркий дунё ҳафталиги иштирокчиларига йўллаган табрик мактублари ўқиб эшиттирилди.
Шунингдек, Озарбайжон Республикаси маданият вазири Адил Каримли, Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби Кубаничбек Омуралиев ҳамда Озарбайжон Республикаси Миллий Мажлиси раиси ўринбосари, академик Рафаэл Ҳусейнов табрик сўзлари билан чиқиш қилдилар. Улар ўз нутқларида Биринчи Туркология қурултойининг туркий дунёнинг илмий ва маданий интеграциясини ривожлантиришдаги тарихий аҳамиятини алоҳида таъкидладилар.
Тадбир якунида концерт дастури намойиш этилди.
3 июлгача давом этадиган Туркий дунё ҳафталиги Озарбайжон Республикаси Маданият вазирлиги, Озарбайжон Миллий фанлар академияси ҳамда Озарбайжон Республикаси Фан ва таълим вазирлиги томонидан, Туркий маданият ва мерос жамғармаси, Туркий давлатлар ташкилоти, ТУРКСОЙ, Боку давлат университети ва Турк академияси ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.
Туркий дунё ҳафталиги доирасида Туркий маданият ва мерос жамғармаси ҳам бир қатор муҳим илмий ва маданий тадбирларни ташкил этади ҳамда ҳамкорликда ўтказади.
Жумладан, 30 июнь куни Жамғарма ташаббуси билан озарбайжон, қозоқ ва рус тилларида нашр этилган «Биринчи Туркология қурултойи» китобининг тақдимоти бўлиб ўтади.
2 июль куни Жамғарма Озарбайжон Миллий тарих музейи билан ҳамкорликда «Боку–1926: Тил, тафаккур, бирлик» номли кўргазмани очади. Шу куни Озарбайжон Миллий фанлар академияси билан ҳамкорликда Академиянинг Марказий илмий кутубхонасидаги Шуша залида «Умумий туркий ўтмишдан умумий туркий келажак сари» мавзусидаги VIII Халқаро илмий симпозиумнинг тантанали очилиш маросими ҳам бўлиб ўтади.
Мазкур тадбирлар Туркий маданият ва мерос жамғармасининг туркий халқларнинг умумий илмий меросини ўрганиш, асраб-авайлаш ва тарғиб этиш, уни келажак авлодларга етказиш ҳамда бутун туркий дунёда илмий ва маданий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш борасидаги изчил саъй-ҳаракатларини яна бир бор намоён этади
