Турк Қуролли кучлари фалокат ҳудудига “ёрдам ҳаво йўлаги”ни очди

Турк Қуролли кучлари фалокат ҳудудига “ёрдам ҳаво йўлаги”ни очди

Туркия Қуролли кучлари эпимарказии жануби-шарқдаги Қаҳрамонмараш вилоятида бўлган вайронагарчиликли зилзила зонасига “ёрдам ҳаво йўлаги” очди. Бу ҳақда “Анадолу” агентлиги хабар берди.

7,4 магнитудали зилзила Туркиянинг ўнта вилояти аҳолиси томонидан сезилди. Кўплаб ҳудудларда қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда. Туркия Миллий Мудофаа вазирлиги қутқарув гуруҳларини фалокат ҳудудига муаммосиз ташишга ёрдам бераётганини маълум қилди.

Қутқарув гуруҳлари ва жиҳозлари ҳам транспорт самолётлари, жумладан Турк Қуролли кучларининг А400М типидаги самолётлари билан зарарланган ҳудудларга етказилмоқда.

Яратилган “ҳаво ёрдами коридори” бўйлаб оғир жароҳатланганлар бўлган тез тиббий ёрдам самолётлари ўтади.

Туркия Миллий мудофаа вазири Ҳулуси Акар, Туркия Қуролли кучлари Бош штаби раҳбари, генерал Ясар Гулер ва Туркия Қуруқлик кучлари қўмондони генерал Муса Авсевер фалокат ҳудудига йўл олди.

“Инқироз маркази кучайтирилган режимда ишламоқда. Самолётлар шифокорлар, қутқарувчилар ва ёрдамчи жиҳозларни ташиш учун ишлатилади”, дейди Мудофаа вазири.

Унинг қайд этишича, ноқулай об-ҳаво шароитларидан ташқари, бир қатор аэропортларда учиш-қўниш йўлагининг шикастлангани туфайли самолётларнинг қўниши мураккаблашмоқда.

Вазирнинг айтишича, зилзила оқибатида 3 нафар турк аскари ҳалок бўлган, яраланганлар ҳам бор.

Туркия Мудофаа вазирлиги раҳбарига кўра, зилзиладан сўнг унга бир қатор дўст ва иттифоқчи давлатлардан ҳамкасблари қўнғироқ қилиб, ёрдам беришга тайёрлигини маълум қилган.

Туркия жануби-шарқидаги Қаҳраманмараш вилоятининг Пазарджик туманида содир бўлган 7,4 магнитудали зилзила оқибатида мамлакатнинг етти вилоятида 912 киши қурбон бўлди, 5 385 киши жароҳатланди.

Зилзила бугун, 6 февраль куни эрталаб маҳаллий вақт билан 04:17 да содир бўлган. Соат 06:30 ҳолатига кўра, 42 та ер силкиниши қайд этилган, энг кучлиси 6,6 баллни ташкил қилган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!