Туризм ва маданий мерос вазирлигида "Ёшлар туризми" қурултойига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди

Туризм ва маданий мерос вазирлигида "Ёшлар туризми" қурултойига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 30 апрелда қабул қилинган “Ички туризм хизматларини диверсификация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамда Қашқадарё вилояти ҳокимлиги томонидан жорий йилнинг 8–12 август кунлари “Ёшлар туризми” қурултойи ўтказилади.

Туризм ва маданий мероз вазирлиги биносида 3 август куни ана шу тадбир муносабати билан матбуот анжумани ўтказилди. Матбуот анжуманида Туризм ва маданий мерос вазирининг ахоборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Лола Раҳмонбоева, оммавий тадбирларни ташкил этиш бошқармаси бошлиғи Заррина Aбдуллаева, журналист ва блогер Aмирхон Умаров ҳамда ОAВ ходимлари иштирок этишди.

Матбуот анжуманида мутасаддилар қурултой ҳақида маълумот беришди. Хусусан, оммавий тадбирларни ташкил этиш бошқармаси бошлиғи Заррина Aбдуллаева қурутойнинг асосий мақсади ва вазифаларига тўхталиб ўтди.

“Мазкур қурултойдан кўзланган асосий мақсад мамлакатимизда ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш, уларни туризм соҳасига кенг жалб этиш, ёшларнинг туризм соҳасидаги истиқболли ғоялари ва лойиҳаларини амалга ошириш, ёш сайёҳлар оқимини кенгайтириш мақсадида турли тадбирлар орқали хизматлар сифатини яхшилашга қаратилган маҳорат дарслари ташкил этиш, ички ва ташқи туризмни ривожлантиришга доир услубий қўлланмалар ишлаб чиқиш, мамлакатимиздаги элчихона консуллари билан Қурултой делегатларининг учрашувини ташкил этиш ҳамда “Туризм элчилари”ни халқаро малака ошириш дастурларида иштирок этиши юзасидан ҳамкорлик меморандумлари имзолашдир”, – деди Заррина Aбдуллаева.

Фаол ёшлар вакили Aмирхон Умаров эса “Ёшлар туризми” форумида ногиронлиги бўлган ва ижтимоий кўмакка муҳтож ёшлар ҳам иштирок этишини ва бу муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади.

“Уларнинг фикрлари, таклифлари бошқаларникидан кўпроқ бўлади, – деди Aмирхон Умаров. – Албатта, барча ёшларнинг фикр ва таклифлари орасида ногиронлиги бўлган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларнинг таклифларига ҳам алоҳида эътибор қаратилади”.

Матбуот анжуманида “Ёшлар туризми” қурултойига бағишланган ролик ва тадбир мадҳиясининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.

"Ёшлар туризми" қурултойига бағишланган видеоролик

"Ёшлар туризми" қурултойи мадҳияси

Маълумот учун, қурултойда республиканинг ҳар бир ҳудудидан 50 нафар иқтидорли, ижтимоий ҳимояга муҳтож, шу жумладан, ногиронлиги бўлган ҳамда “Ёшлар дафтари”га киритилган 700 нафар ўқувчи, талаба ва ёшлар жалб қилинади. Шу билан бир қаторда МДҲ (Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Туркманистон) давлатларидан, жами 20 нафар ёшлар таклиф этилган.

Таъкидлаш керакки, тадбир иштирокчиларининг ҳар бирига Туризм ва маданий мерос вазирлигининг махсус сертификати топширилади.

Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси, Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳар Ёш туризм элчилари Кенгаши аъзолари ва раисига эса Туризм ва маданий мерос вазирлигининг ишонч ёрлиғи берилади.

Маълумот учун, қурултой доирасида ҳар куни бир қатор танлов, мусобақа, тақдимот, учрашув, аксия, лойиҳа ҳамда тадбирлар ташкил этилади.

Жумладан, “Энг намунали гуруҳ”, “Энг яхши туризм лойиҳаси” каби танловлар, “Туризм-квест”, “Заковат” ўйинлари, “Туризм спартакиадаси” спорт мусобақаси, “Уста-шогирд” мактаби, “Юлдузлар ташрифи” лойиҳаси, “Дўстлик кечаси” ва “Дўстлик гулхани” тадбирлари, “Бизнинг натижалар” учрашуви, “Тоза ҳудуд” аксияси кабилар режалаштирилган.

Бундан ташқари, қурултой доирасида илк сайловлар ташкил этилиб, Ўзбекистон Республикаси ёш туризм елчилари Кенгаши аъзолари ва раиси 1 йил муддатга сайланади.

Қурултой доирасида ташкил этилган танлов, мусобақа, тақдимот, учрашув, аксия, лойиҳа ҳамда тадбирларда фаол иштирок этган гуруҳ ҳамда ҳудуд жамоалари фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалар билан тақдирланади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!