Тўрақўрғон ИЭСда аварияли ўчиш содир бўлди. Вазирлик муносабат билдирди

Тўрақўрғон ИЭСда аварияли ўчиш содир бўлди. Вазирлик муносабат билдирди

Ҳодиса бугун, 20 ноябр куни соат 15:45да содир бўлган. Бу ҳақда «Наманган ҲЭТК» АЖ оператив диспетчерлик хизмати бошлиғи Муҳаммадали Ирисқулов маълум қилган.

Ирисқуловнинг маълум қилишича, Ўзбекистон энерготизимини Қозоғистон Республикаси орқали Россия Федерация билан боғловчи 500 кВАли 530-сонли тармоқ ҳам фавқулодда ўчган.

Бу Наманган вилоятининг электр энергияси таъминотида жиддий муаммолар келтириб чиқариши мумкин. Чунки биргина Наманган вилоятининг 27та 100 кВАли электр узатиш тармоқларида узилиш содир бўлган. 

"Жорий йилнинг 20 ноябрь куни соат 15-51да Тўрақўрғон ИЭСнинг 2 та энергоблоки авариявий тўхтади. Бунинг натижасида мазкур станция орқали энерготизимга етказиб берилаётган қувват 600 МВтга камайди.

Бунинг оқибатида водий вилоятлари, Тошкент шаҳри, Самарқанд, Бухоро ва Қашқадарё вилоятларида автоматик равишда чекловлар киритилди. 

Оператив тарзда ўтказилган ўрганишларга кўра, авариявий тўхташ 2-энергоблокининг юқори босимли барабанидаги ўлчов датчикларининг импульс линияси музлаб қолиши ва бунинг оқибатида сув сатхининг кўтарилиши натижасида рўй берган. 1-энергоблок эса частотанинг пасайиши натижасида тўхтаган.

Ушбу қувват етишмовчилигини қоплаш учун Тахиатош ИЭСда қуввати 280 МВт бўлган 1-энергоблок соат 16-30да ишга туширилди. Ҳозирда 30 МВт қувватда ишламоқда. Соат 22-00га қадар 200 МВт қувватга чиқарилади.

Толимаржон ИЭСда қуввати 450 МВт бўлган 2-энергоблокнинг газ турбинаси соат 16-11 да ишга туширилди. Ҳозирда 300 МВт тўлиқ қувватда ишламоқда.
 
Ҳозирда Тўрақўрғон ИЭСда музлаган ҳимоя датчикларини созлаш ишлари бажарилиб, 2-энергоблок соат 17:50 да тизимга уланди. Айни пайтда 150 МВт қувват бермоқда. Бугун соат 19:00 га қадар қуввати 250 МВтга чиқарилади. 1-энергоблок бугун соат 19:30 гача ишга туширилиб, тизимга 200 МВт қувват беради. Натижада бугун соат 21:00 га қадар ушбу энергоблокларда 700 МВт қувватга етади.

Шунингдек, электр таъминотидаги узилиш сабабли Зирабулоқ компрессор станциясида бугун соат 15-45 да 4 та ва 15-55 да Ғаллаорол компрессор станциясида 4 та газ ҳайдаш агрегатларининг вақтинча тўхташи рўй берди. Соат 16-35 га қадар электр таъминоти тикланиб, компрессор станциялари штат режимда ишлашга ўтди", дейилади Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати хабарида.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!