Тўққиз ойда Ўзбекистонга Россиядан 350 минг нафар сайёҳ келган

Тўққиз ойда Ўзбекистонга Россиядан 350 минг нафар сайёҳ келган

Жорий йилнинг январь — сентябр ойларида Ўзбекистонга Россиядан 350 минг сайёҳ келган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,3 баробар кўпдир.

Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Россиядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ботиржон Асадов Новосибирскда Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти тақдимотига бағишланган тадбирда айтиб ўтди.

“Жорий йилнинг ўтган тўққиз ойида Ўзбекистонга жами 3,9 миллионга яқин сайёҳ келди. Шундан 350 минг нафари Россия фуқароларидир. Ўтган йилнинг мазкур даврида бу кўрсаткич 270 минг нафарни ташкил этган эди”, дейди элчи.

Умуман, 2017 йилда Ўзбекистонга 1,9 миллион нафар сайёҳ ташриф буюрган.

Ботиржон Асадовнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш учун амалга оширилаётган ишларнинг самараси ўлароқ мана шундай натижалар кузатиляпти. Масалан, жорий йилнинг январь — сентябр ойларида Ўзбекистонда 190 та янги тур оператори иш бошлаган.

Бундан ташқари, виза режимини сезиларли даражада соддалаштирди. Масалан, 101 давлатнинг фуқаролари Ўзбекистонда беш кун визасиз бўлишлари мумкин. Бундан ташқари, 17 мамлакат фуқаролари Ўзбекистонга визасиз киришлари мумкин. Улар орасида Россия фуқаролари ҳам бор.

“Ўзбекистон парламентининг делегациясининг Москвага ташрифи доирасида парламентарларимиз халқаро ҳамкорликнинг истиқболларини муҳокама қилишди. Бундан туризм соҳасига ҳам эътибор қаратилди. Масалан, болалар туризмига оид ғоялар илгари сурилди. Ўзбекистон болалар дам олиш учун катта имкониятларга эга”, - дейди Ботир Асадов.

Ўз навбатида, Новосибирск вилояти иқтисодий ривожланиш вазирлиги раҳбари Олга Молчанова мазкур соҳада икки томон ҳам улкан салоҳиятга эгалигини таъкидлаб, товар айирбошлаш ҳажмини ошириш борасида катта имкониятларга борлигини айтиб ўтди.

Унинг сўзларига кўра, бу ерда ўзбек матолари, сабзавотлари ва меваларига қизиқиш катта. Новосибирск эса Ўзбекистонга ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари ва тиббий техника воситалари етказиб беришга тайёр.

“Ўзбекистон бўйлаб саёҳат” лойиҳаси доирасида Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти тақдимоти, шунингдек, Екатеринбург, Уфа ва Қозон шаҳарларида ҳам ўтказилади.

Xs.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!