Трампга яна бир ҳужум уюштирилдими?Калифорнияда Трамп митинги олдидан қуролланган одам ҳибсга олинди
Лас-Вегасда яшовчи 49 ёшли Вам Миллер Трампнинг чорраҳадаги назорат-ўтказиш пунктларидан бирида нутқ сўзлашидан бир соат олдин қўлга олинди – у қора йўлтанламас машинасини бошқараётган бўлиб, унинг ёнида ов милтиғи, ўқланган тўппонча бўлган, дея хабар беради BBC.
Хабар қилинишича, эркак ноқонуний қурол ва ўқ-дориларни сақлашда айбланиб ҳибсга олинган ва кейинроқ 5000 доллар гаров эвазига қўйиб юборилган. Унинг тинглови келгуси йилнинг 2 январига белгиланган.
Расмийларнинг таъкидлашича, ҳодиса Трамп ёки митинг иштирокчилари хавфсизлигига таъсир қилмаган.
Маҳаллий шерифнинг айтишича, зобитлар Дональд Трампга суиқасднинг олдини олган кўринади, бироқ воқеа бўйича кўплаб саволлар жавобсиз қолмоқда. Унинг сўзларига кўра, гумонланувчи ҳокимиятга ўзини “Суверен фуқаролар” гуруҳи аъзоси эканлигини ҳам айтган.
- Буни жангари гуруҳ демаган бўлардим. Бу шунчаки ҳукумат ва ҳукумат назоратига ишонмайдиган гуруҳ, - дейди у.
CBS News федерал ҳуқуқ-тартибот идораси вакилига таяниб хабар беришича, ҳозирча Трампнинг ҳаётига суиқасд қилингани ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ.
Федерал маъмурлар терговни давом эттираётганини айтишди. Махфий хизмат ва Федерал қидирув бюроси мазкур шахснинг ҳибсга олинганидан хабардор эканликларини ва маҳаллий полиция ходимларига миннатдорчилик билдиришган, бироқ воқеа Трампнинг хавфсизлигига таъсир қилмаган.
- Биз митинг жойини ҳимоя қилгани ва президентликка номзод Трамп хавфсизлигини таъминлашга ёрдам бергани учун ҳуқуқ-тартибот идораларига миннатдорчилик билдирамиз. Биз ҳибс ҳақидаги хабарлардан хабардормиз ва ҳозирда вазиятни кузатиб, қўшимча маълумот тўплаяпмиз, - деди Трамп сайловолди штаби алоқалар бўйича директори Стивен Чунг.