Трамп Осама бин Ладеннинг ўғли АҚШ махсус операцияси натижасида ўлдирилганини маълум қилди

Трамп Осама бин Ладеннинг ўғли АҚШ махсус операцияси натижасида ўлдирилганини маълум қилди

«Ал-Қоида»нинг ўлдирилган етакчиси Осама бин Ладеннинг ўғли Ҳамза бин Ладен АҚШ махсус операцияси натижасида ҳалок бўлди. Бу ҳақда АҚШ президенти Дональд Трампнинг баёнотига асосланиб, CNN хабар берди.

Махсус операция Афғонистон ва Покистоннинг чегарадош ҳудудида ўтказилган. Ҳамза бин Ладен айнан қачон ўлдирилганига аниқлик киритилмаган.

«Ҳамза бин Ладеннинг йўқотилиши ‘Ал-Қоидаъни нафақат етакчиларнинг биридан маҳрум қилди ва унинг отаси билан рамзий алоқани йўққа чиқарди, балки гуруҳнинг фаол ҳаракатлари олдини ҳам олди», — деди Трамп.

АҚШ Давлат департаментида 2019 мартида Ҳамза бин Ладеннинг қаерда экани ҳақида маълумот берган шахсга бир миллион доллар мукофот пули берилишини эълон қилган эди. Июль ойида эса АҚШ нашрлари ўз манбаларига асосланиб, Ҳамза бин Ладен ўлдирилгани ҳақида ёзди. The New York Times кичик бин Ладен АҚШ иштирокида 2017 ёки 2018 йилда ўтказилган операция вақтида ҳалок бўлгани ҳақида ёзган эди.

Ҳамза бин Ладен — «Ал-Қоида»нинг ўлдирилган етакчиси Осама бин Ладеннинг кенжа ўғли, унинг 20 дан ортиқ фарзандларидан бири эди. Хабарларга кўра, у 2001 йил 11 сентябрдаги терактлари вақтида самолётларни эгаллаб олган террорчилардан бирининг қизига уйланган эди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!