Трамп: Эрон учун 300 миллиард долларлик инвестиция жамғармаси мавжуд эмас
АҚШ президенти Дональд Трамп Эрон билан тинчлик келишуви доирасида 300 миллиард долларлик инвестиция жамғармаси ташкил этилгани ҳақидаги хабарларни яна бир бор рад этди.
Францияда бўлиб ўтган «Катта еттилик» саммитида сўзлаган Трамп шундай деди:
— Биз бир цент ҳам сармоя киритмаяпмиз. Биз сармоя киритишни режалаштирмаганмиз ва ҳеч қандай жамғарма ҳам мавжуд эмас.
Унинг таъкидлашича, АҚШ Форс кўрфази давлатларидан ҳам Эронга сармоя киритишни сўрамаган.
— Агар улар шундай қилса, майли. Лекин менимча, улар Эроннинг хатти-ҳаракати ўзгарганига ишонч ҳосил қилмагунча бундай қадам ташламайди, — деди Трамп.
АҚШ президентининг айтишича, 300 миллиард долларлик жамғарма ҳақидаги хабарлар унинг аввалги баёнотларининг нотўғри талқин қилиниши натижасида пайдо бўлган.
Аввалроқ Эроннинг «Меҳр» ахборот агентлиги АҚШ ва Эрон ўртасидаги ўзаро англашув меморандуми лойиҳасида мамлакатни тиклаш учун 300 миллиард долларлик дастур кўзда тутилганини хабар қилган эди.
Шунингдек, АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс ҳам интервьюларидан бирида Эрон келишув шартларини бажарса, катта ҳажмдаги инвестиция маблағларидан фойдаланиш имконияти пайдо бўлиши мумкинлигини айтган.
Бироқ Трамп маъмуриятининг расмий позициясига кўра, АҚШ бюджети ҳисобидан Эрон учун ҳеч қандай 300 миллиард долларлик жамғарма ташкил этилмаган ва Вашингтон томонидан бундай молиявий ёрдам режалаштирилмаган.
