Тошкентни Тожикистон орқали Фарғона водийси билан боғлайдиган автойўналиш техник синови ўтказилди

Тошкентни Тожикистон орқали Фарғона водийси билан боғлайдиган автойўналиш техник синови ўтказилди

4 декабрь куни Ўзбекистон автомобил транспорти агентлиги Тошкент – Хўжанд – Қўқон – Тошкент халқаро автобус йўналишидаги биринчи техник синовини йўлга қўйди.

Тожикистон Транспорт вазирлиги халқаро алоқалар бўлимидан берилган маълумотларга кўра, Тошкент – Хўжанд – Қўқон йўналиши бўйича автобуслар қатнови Ўзбекистон томони билан келишув асосида йўлга қўйилмоқда. Бу йўналишда Тошкентдан йўлга чиққан автобуслар Ўзбекистоннинг "Ойбек" ва Тожикистоннинг "Фотеҳобод" пости орқали Мастчоҳ туманига ўтиб, ундан Хўжандга келади ва Хўжанддан Конибодом ноҳиясига бориб, у ердаги "Патан" ва "Андархон" назорат пунктидан ўтиб, Қўқонга йўл олади.

Тожикистон Транспорт вазирлиги масъулининг айтишича, кеча – 4 декабрь куни Тошкентдан йўлга чиққан автобус Хўжанд орқали Қўқонга йўл олди. Бугун эса Қўқондан Конибодом орқали қайтиб келиб, яна Тошкентга жўнаб кетади. "Аммо бу синов учун ташкил этилди ва бу йўналишда йўл ҳақи қанча бўлиши ҳозирча маълум эмас", дейди масъул.

Тошкент – Хўжанд – Қўқон йўналишида автобуслар қатнови 1999 йилгача фаолият олиб борган эди. Бугунги кунда ушбу йўналиш бўйича биринчи техник сафар бошланди.

"Фарғона водийси билан Тошкент ва республиканинг бошқа шаҳарларидаги автобусга бўлган эҳтиёж узоқ вақтдан бери давом этмоқда, – дейди Ўзбекистон автомобил транспорти агентлигининг Автомобил ташувларини назорат қилиш ва мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Аброр Исаев. – Бироқ бундай транспорт фақат Тожикистон ҳудуди орқали транзит йўли билан амалга оширилиши мумкин. "Yutong" автобусларида бу маршрут бўйлаб ҳаракатни амалга оширадиган "Mironshox Grand Trans" хусусий фирмаси билан шартнома тузилди".

Синов рейсининг ишга туширилиши – йўналишнинг техник имкониятларини яратиш, йўловчи хавфсизлигини таъминлаш шартлари, Тожикистон билан чегарани кесиб ўтишни ўз ичига олади. Барча хусусиятларни ўрганиб чиққандан сўнг Фарғона водийсини Ўзбекистоннинг бошқа минтақавий марказлари билан боғлаш имконияти ҳам муҳокама қилинади.

Тошкент – Хўжанд – Қўқон автобус йўналишининг масофаси 346 километрни, манзилга етиш вақти эса тахминан 11 соату 35 дақиқани ташкил қилади. Ўзбекистон чегарасидан "Ойбек" ва "Андархон" назорат пунктлари орқали, Тожикистондан эса, "Фотеҳобод" ва "Патар" назорат пунктлари орқали ўтилади.

Аввалида қатновлар икки ёки уч кунда бир марта амалга оширилиши режалаштирилган. Агар йўловчилар сони ортиб, зарурат пайдо бўлса, қатновлар сони кўпайтирилади.

Сўғд вилояти маъмурияти транспорт ва алоқа бўлими бошлиғи Олим Очилзоданинг айтишича, янги йилда "Исфара – Қўқон" ва "Конибодом – Қўқон" йўналишлари бўйича ҳам автобуслар қатновини ташкил этиш режаланган.

Ҳозир "Хўжанд – Тошкент", "Самарқанд – Панжакент" ва "Денов – Турсунзода" йўналишлари бўйича мунтазам автобуслар қатнови амалга оширилмоқда.

Manba: zamin.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!