Тошкентлик аёл яшириниб юрган жиноятчини милицияга тутиб берди

Тошкентлик аёл яшириниб юрган жиноятчини милицияга тутиб берди

Тошкентда фуқаро О.Тўйчиеванинг (исм-фамилиялар ўзгартирилган) зийраклиги боис бир жиноят очилди ва келгусида рўй бериши мумкин бўлган нохуш ҳолатларнинг олди олинди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар прокуратурасининг Facebook’даги саҳифасида хабар берилди.

О.Тўйчиевага бир таниши уй таъмирловчи уста деб Фарҳод исмли йигитни таништиргач, унга Юнусобод туманида иш борлигини айтиб қўнғироқ қилади. Фарҳод эса у ҳудудга боролмаслигини, Юнусобод тумани ИИБ ходимлари тилла занжир ҳолати бўйича ўзини қидириб юришганини айтади. О.Тўйчиева Фарҳоднинг пала-партиш гапларидан унинг жиноятга алоқаси борлигини сезиб қолди. Бу жиноят ортидан бошқаси ҳам юз беришининг олдини олиш мақсадида ИИБга бориб, Фарҳод ҳақида билганларини айтиб берди. Кўп ўтмай Фарҳод Жуманов қўлга олинди.

Дастлабки тергов ҳамда суриштирув жараёнида маълум бўлишича, 1988 йил Тошкент шаҳрида туғилган Фарҳод Жуманов уч марта суднинг қора курсисига ўтиришга улгурган экан. Маълум бўлишича, бу кимса ўтган йилнинг ёзида Учтепа туманидаги мактаблардан бирининг ёнидан ўтиб кетаётган аёлнинг бўйнидан 2 млн. 500 минг сўмлик тилла занжирини тортиб олиб, жуфтакни ростлайди. Ўғирланган молни «Фарҳод бозори»да номаълум шахсга 500 минг сўмга сотиб юборади.

Гарчи Фарҳод Жуманов 2017 йилда суд томонидан ўзига тайинланган 748 минг 875 сўм жарима жазосини тўлашга пул тополмай, ушбу жиноятга қўл ургани, айни пайтда жабрланувчига етказилган зарарни тўлиқ қоплаганлигини айтиб, енгиллик беришларини сўраган бўлса-да, қонун барчага баравар. Шу боис, жиноят ишлари бўйича Учтепа туман суди унга тайинланадиган жазога Олмазор туман судининг ҳукми билан тайинланган жазонинг ўталмай қолган қисмини қўшишни, шунингдек, муқаддам оғир жиноятлари учун беш йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган бўлса-да, ушбу ҳолатлар бўйича судланганлик ҳолати тугалланмай туриб, яна жиноят содир этганини инобатга олиб, уни ўта хавфли рецидивист деб топишни лозим топди ҳамда унга 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

Фахриддин Жамалов,

Тошкент шаҳар прокуратураси бўлим бошлиғи

«Ҳуқуқ» газетасининг 09.08.2018 йилдаги 32-сони


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!