Тошкентлик 3 опа-сингил ўлимида айбланган шифокорларга суд ҳукми ўқилди

Тошкентлик 3 опа-сингил ўлимида айбланган шифокорларга суд ҳукми ўқилди

2017 йилнинг кузида Тошкент шаҳри Олмазор тумани Бешқўрғон МФЙда (Тансиқбоев-3) истиқомат қилувчи оиланинг 3 нафар вояга етмаган фарзанди кетма-кет вафот этгани ҳақидаги хабарлар ижтимоий тармоқларни ларзага солганди.

7 яшар Муниса, 6 яшар Мухлиса ва 4 яшар Моҳира 8 ноябрь кечаси ва 9 ноябрь куни эрталаб бир неча соатнинг оралиғида кетма-кет вафот этган эди.

Шифокорлар бир кунда вафот этган уч қизнинг ҳеч бирига аниқ ташхис қўя олмаган. Суд-тиббиёт экспертизаси мутахассислари ҳам ўлим сабабини аниқлай олмаган.

Ўша вақтда Тошкент шаҳар прокурори Шерзод Облоқулов «ушбу жиноят иши бўйича тергов жараёни тугагани ва судга оширилгани, ишни суд кўриб чиқаётгани» ҳақида маълумот берганди.

Марҳум қизларнинг ота-онаси KUN.UZ таҳририятига мурожаат қилиб, тайинланган экспертизалар тўлиқ, қонунан ўтказилиши ва суд адолат ўрнатиб, ишнинг холис кўрилиши жараёнларини тўлиқ ёритиб берилишини илтимос қилишганди. Сайтда мазкур жараён батафсил ёритиб борилганди.

Аниқланган камчиликлар сабаб жиноят ишлари бўйича Олмазор туман суди бир неча бор комплекс суд-тиббий экспертизасини тайинлаганди.

Ҳатто ЎзР СТЭ Бош бюро бошлиғи А.И.Искандаров 25 апрель куни экспертлар таркибини ўзгартиришни сўраб судга мурожаат қилганди. Бунга сабаб сифатида экспертизани мукаммал ўрганиш учун соҳанинг профессионал ходимлари кераклигини асос қилганди.

26 апрель куни эса қўшимча ажрим билан экспертлар таркибига ўзгартириш киритилди. Бюро бошлиғи А.И.Искандаров эса суд мажлисида виждони олдида экспертизани тўлиқ ва холисона ўтказишга номи ва шарафини ўртага қўйиб ваъда берганди.

Суд қуйидагиларни аниқлади. Тошкент шаҳар Олмазор туманидаги 21-сонли оилавий поликлиникасининг «Умумий амалиёт шифокори» лавозимида ишлаб келган Г.А. 2017 йилнинг 8 ноябрь куни тахминан соат 10ларда уч қизни тиббий кўрикдан ўтказишни бошлаган. Уларнинг учовида ҳам бирин-кетин қусиш қайд этилгани, ич кетиши бир неча бор такрорланишига қарамай ҳолатга тўлиқ баҳо берилмаган. Г.А ўз касбига бепарволик ва инсофсизларча муносабатда бўлган, вазифаларини лозим даражада бажармаган.

Қизларнинг ошқозонини ювиш, уларнинг гемодинамик кўрсаткичларини (қон босими ва пульсини) ўлчаш ёки уларни зудлик билан яқин масофада жойлашган махсуслаштирилган клиникаларнинг бирига юборишни ўйламаган. Ёки вирусолог, токсиколог, инфекционист ва бошқа тор доирадаги мутахассисларни чақириб, ёхуд ушбу мутахассислар кўригидан ўтиш учун йўлланма бериш, малакали биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш чораларини кўрмаган.

Тўлиқ ҳажмда ва малакали диагностика тадбирларини ўтказмасдан, қизлар билан озиқ-овқат маҳсулотларини уларнинг қариндошлари истеъмол қилгани, қариндошларида ҳеч қандай ошқозон бузилиши ҳолатлари кузатилмаганини била туриб, илмий ва амалий жиҳатдан асослантирилмаган қизларга «Дисфункция желудочно-кишечного тракта» (Ошқозон-ичак тракти функцияси бузилиши) деган нотўғри, асослантирилмаган тиббий ташхисни қўйган.

У қизларга «Смекта», «Церукал», «Креон» ва «Имудон» дори воситаларини истеъмол қилишларини тавсия қилган. Қизларнинг онаси Д.Мўминовани ишонтириб, ҳеч қандай тиббий ҳужжатларни расмийлаштирмасдан, уй шароитида даволаниш учун қайтариб юборган.

Натижада қизларнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун етарли бўлган вақт бой берилган. Шу куни кечаси қизлар бирин-кетин вафот этишган.

Шунингдек, Г.А қизларни кўрикдан ўтказишда амбулатор карталарга кўрик натижалари тўғрисида ёзувларни киритмаган. У қизлар вафотидан хабар топгач, ҳаракатларини лозим даражада бажармаганини яширишни ва жавобгарликдан қочишни режалаштирган.

2017 йил 9 ноябрь куни эрталаб соат 07:30ларда қизларнинг уйидан амбулатор карталари олиб келтирилишига эришган. Ушбу карталарга гўёки қизларни тиббий кўрикдан ўтказгани, қизларга «Дисфункция желудочно-кишечного тракта» (Ошқозон-ичак тракти функцияси бузилиши) ташхиси тўғри қўйилгани ҳақида расмий ҳужжатларга сохта маълумотлар киритиш орқали тасдиқлаб қўйишни мақсад қилган.

Қизларнинг тана ҳароратини ўлчагани, кўрикдан ўтказиш вақтида уларда қусиш ҳолатлари кузатилмагани ҳақидаги, инфекционист кўригидан ўтказишга йўлланма бергани ҳақида ва бошқа ўзига маъқул бўлган маълумотларни киритган. Маълумотлар сохталигини била туриб, қалбакилаштирилган амбулатор карталарни Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўтказилаётган хизмат текширувига ва судга оид тиббий экспертизаларга тақдим этган.

Қосимовлар қизларини ўша оқшомда иккинчи жойга - Республика Илмий Амалий Педиатрия илмий текшириш марказига (РИПИАТМ) олиб боришганди. Шу куни бу ерда Н.Т. навбатчи шифокор бўлган. Опа-сингиллар 2017 йил 8 ноябрь куни кеч соат 21:30ларда ўта оғир ҳолатда марказга олиб келинганда кўрикдан ўтказиб, клиник ўлим ҳолатида бўлган Қосимова Моҳирани марказнинг жонлантириш бўлимига юборган.

Аммо организми медикаментоз препаратидан ўткир заҳарланган Мунисанинг тана ҳарорати 36°С, юрак уриши дақиқасига 180тага етган, Мухлисанинг тана ҳарорати 35,7°С, юрак уриши дақиқасига 185та бўлган бўлса-да, уларнинг ҳаёти жиддий хавф остида эканлигига қарамаган. Тананинг ҳаёт функцияларини сақлаб туриш учун қизларнинг мушаклари орасига «Дексаметазон-4» препаратидан 1,0 мл. миқдорда инъекция юбориш билан чегараланган. Бемор қизларнинг қон босимини ўлчаган. Уларнинг қон босими маълум даражада тушиб кетганини била туриб, қизларнинг қон босими кўрсаткичларини «қабул бўлимига мурожаат қилган беморларни қайд этиш китоби»га киритмаган. Ўта оғир аҳволдаги беморларга тегишли шошилинч тиббий муолажаларни кўрсатмаган. Ўз касбига нисбатан бепарволик ва инсофсизларча муносабатда бўлган. Қизларга «Озиқ-овқатдан заҳарланиш» деган нотўғри тиббий ташхис қўйган.

Ҳаёти хавф остида бўлган қизларнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун уларни жонлантириш бўлимига госпитализация қилмаган. Бир вақтнинг ўзида, бир оиладан бир хил белгилар билан уч бола келтирилганини, улардан бири жонлантириш бўлимида вафот этганини била туриб, соат 22:30ларда аҳволи ўта оғир бўлган икки нафар оғир бемор қизни ташиш учун мўлжалланмаган тез тиббий ёрдам машинаси орқали Учтепа туманида жойлашган Эпидемиология, микробиология, юқумли касалликлар клиникасига юборган.

Жорий йилнинг 24 октябрь куни судья М.Юсупов ҳукм ўқиди. Суд барча оғирлаштирувчи ва енгиллаштирувчи ҳолатларни ўрганиб чиққан.

Судланувчи Г.А. Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик ва ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш моддалари билан айбдор деб топилди. У 3 йил муддатга оилавий поликлиникаларда «Умумий амалиёт шифокори» лавозимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 5 йилу 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Судланувчи Н.Т. Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик моддаси билан айбдор деб топилди. У 3 йил муддатга шифохоналарда «қабулхона шифокори» лавозимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда унга нисбатан 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Жазони манзил колонияларда ўташ белгиланди.

Manba: kun.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!