Тошкентдан топилган улкан хазинанинг янги тафсилотлари эълон қилинди (+видео)

Тошкентдан топилган улкан хазинанинг янги тафсилотлари эълон қилинди (+видео)

Хабарингиз бор, сайтимиз орқали “Тошкентда топилган қиймати бир неча миллион доллар дея тахмин қилинаётган улкан хазина давлатга топширилмоқда (+видео)” материалини эълон қилган эдик. Унда Ўзбекистон Миллий университети битирувчиси, мустақил изланувчи, илмий ходим Муҳаммадбобур Юсупов 3 йиллик изланишлари, қидирувлари натижасида пойтахт марказидаги эски биноларнинг биридан хазина топгани қайд этилган эди.

Яқинда мазкур хазина мавзусига бағишланган махсус “Халққа мерос хазина” номли кўрсатув Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг “Madaniyat va maʼrifat”, “Oʻzbekiston” каби қатор телеканаллари орқали эфирга узатилди.

Кўрсатувдан фуқаро М.Юсупов топган хазина ҳақида нисбатан батафсилроқ маълумотлар, хазина топилган бино ертўласидан олинган кадрлар, мутахассисларнинг хазинадаги буюмлар қиймати борасидаги фикрлари, сайтимиз орқали узатилган лавҳадан олинган интервьюлар ҳам жой олган.

* * *

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати идораларига келиб тушган ариза текширувлари натижасида юртимиз ҳудудидан топилган тарихий, маданий, қимматбаҳо буюмларнинг республика ҳудудидан ноқонуний олиб чиқиб кетилишининг олди олинди.

Гап шундаки, фуқаро Муҳаммадбобур Юсупов пойтахтимизнинг марказидаги эски бинолардан бирида олиб борган қидирув ишлари вақтида ертўлаларнинг биридан саксон йил муқаддам йўқолган ва тахминан (миқдори қанча) миллион АҚШ долларидан ортиқ қийматга эга хазина топгани тўғрисидаги маълумотлар матбуот ва “uz” доменидаги маҳаллий интернет сайтларида эълон қилиниб, турли шов-шувларга сабаб бўлади. Бундан хабар топган бир гуруҳ маҳаллий ва хорижий фуқаролар эса турли алдов ва кўзбўямачилик йўллари билан мазкур топилмаларни чет элга ноқонуний олиб чиқиб кетишни режалаштиради.

Давлат хавфсизлик идоралари томонидан олиб борилган тезкор тадбирлар давомида шу нарса аниқландики, мамлакатимиз ҳудудида фаолият юритаётган айрим хорижий ташкилотларнинг вакиллари М.Юсуповга алдов ва шахсий манфаатдорликка қаратилган бир томонлама келишувларни таклиф этади. Ҳатто бу топилган хазинанинг бир қисми учун 600 минг АҚШ долларини бермоқчи бўлади.

Аммо ДХХ ходимларининг ўз вақтида олиб борган саъй-ҳаракатлари натижасида бу манфур кимсалар ўзларининг ғаразли мақсадларини амалга ошира олмади. Бир неча юз минг ва миллион долларлик тарихий ашё ва топилмаларнинг бегона қўлларга ўтиб кетишининг олди олинди. Ёш ватанпарвар тадқиқотчи Муҳаммадбобур Юсупов шахсий бойлик орттириш, чет эллардаги нуфузли таълим даргоҳларида ўқиш ва ишлаш, кўчмас мулк орттириш каби таклифларга учмасдан ўз фуқаролик бурчини тўлиқ адо этди ва давлат хавфсизлик идораларининг бевосита кўмаги ва маслаҳати билан ўзи томонидан топилган қимматбаҳо тарихий ашёларни бус-бутунлигича Ўзбекистон тарихи давлат музейига топширди.

Мустақил тадқиқотчи Муҳаммадбобур ЮСУПОВ:

– Охирги уч йил давомида Тошкент шаҳри ҳудудидаги жадидларнинг тарихини, князга тегишли бўлган номаълум тарих саҳифаларини ўргана бошладим. Мана шу ўрганишларим даврида 2018 йилдан бошлаб жуда катта коллекцияларни топа бошладик. Албатта, ушбу қидирув ишлари Тошкент шаҳри марказидаги эски рус муҳандислари томонидан XIX асрнинг иккинчи ярмида қурилган биноларда олиб борилди.

Хўш, ёш тадқиқотчи томонидан топилган хазина нималардан иборат ва унинг қиймати қанча?

Мазкур топилмалар ноёб санъат асарлари, олтин, кумуш танга ва идишлар, буржуазия услубида ишланган буюмлар Тошкент шаҳрида XIX асрда авлиё Евангел протестантлари ва христиан православ черковлари деворларига ишланган қадимий суратлар, иконалар, қимматли металлардан ясалган буюмлардан иборат.

– Бундан ташқари натуралист рассомларнинг 1790 ҳамда 1870 йиллар оралиғида чизилган ноёб суратлар табиатшуносликка, картографияга оид дунёнинг сиёсий харитаси, Бухоро амирлиги, Хива, Қўқон хонликларига тегишли бўлган ўша ҳудудларнинг хариталари, сиёсий, ижтимоий вазиятлари, ҳолати, аҳолиси, ўзбек халқининг маданияти ҳақидаги жуда ноёб тошбосма манбалар топилди. Бундан ташқари ўрта асрларга, Шарқ алломаларига тегишли бўлган ноёб қўлёзмалар, Қуръон китоблари, пайғамбарлар ва авлиёлар ҳақидаги қўлёзма манбалар, ҳужжатлар, муҳрлар ҳамда Туркистон хонликлари ва қозикалонлари муҳрлари ва вақф ҳужжатлари, ер-мулкка эгалик қилиш ҳақидаги расмий ҳужжат ва қонун-қоидалари манбалар орасидан топилди. Олтин, кумуш, мис тангалари ҳам топилди. Булар Россиянинг охирги уч юз йиллик, Европани охирги икки юз йилликдаги тарихи билан боғлиқ ва юртимиз тарихига тегишли бўлган IX асрдан XIX асргача қадим Туркистон ҳудудида зарб этилган тангалардир. Улар дунёнинг исталган музейини безашга арзийдиган топилмалар ҳисобланади.

Ушбу топилмалар орасида 1918 йил Тошкентдаги князь Романов саройининг ноёб коллекциялари, 1920 йилда Тошкентга Европа ва Санкт-Петербургдан келган машҳур дворянлар ва олимларга ҳамда 1932-1938 йилларда Сталин репрессияси қурбонлари ҳамда генерал Жўрабек уйидан йўқолган ашёлар ҳам мавжуд.

– Бу тошбосма асар 1537 йилда ёзилган Франческо Валесио Реги Филикс ҳақидаги ўша давр ўрта аср Европа халқлари одатлари, маданияти, урушлари, ерларни кенгайтириш ҳақидаги жараёнлар тасвирланган, қадимги лотин ва юнон тилларида ёзилган. Ушбу таклифномамиз россиялик князь Николай Константинович Романовга Петербургдан император томонидан юборилган қироллик саройидаги балетга таклиф этиш учун юборилган.

Жаннат ИСМОИЛОВА,

Ўзбекистон тарихи давлат музейи директори:

– Тўқсондан ортиқ осори-атиқаларни қабул қилиб олдик. Улар орасида қадимий китоблар, олтин, кумуш, мис тангалари, микроскоплар, турли қўлёзма асарлари бор. Улар орасида XVII асрга оид вақф ҳужжатини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман. У ўша даврдаги дўкондорлар, баққолларнинг тарозисини текшириш бўйича йўриқнома экан, бу жудаям қизиқарли ҳужжат. Яна XVIII асрга оид шажара ҳужжати ҳам бор, анчайин таъмирталаб ҳолатда. Биз мутахассисларимиз билан биргаликда ўрганиб чиқамиз, албатта. Шундан сўнг уларни экспозиция сифатида намойиш қилишимиз мумкин.

Отабек ЖЎРАБОЕВ,

филология фанлари номзоди, доцент:

– Қўлёзмалар, авваламбор ўзининг уникал, илмий-маърифий жиҳатдан катта аҳамият касб этиши билан алоҳида мавқега эга. Бу ердаги ҳужжатлар, асосан вақф, иршодий, насаб шажараларидир. Улар орасида ўша вақтдаги қозиликка, ер-мулк, солиқ, айрим мадрасаларга вақф қилиб берилган мулкларга оид бўлган хон, амирларнинг махсус муҳрланган ёрлиқлари, кўрсатмалари каби ҳужжатлар ўрин олган.

Шунингдек, топилмалар орасида ўрта асрларга тегишли ноёб қўлёзма ва тошбосма китоблар, Россия императорлари Романовлар сулоласига тегишли ашёлар, Пётр II, Екатерина II, Николай I, Александр II, Александр III, Николай II, Алексий Сесарович номи билан боғлиқ ашёлар, черков меҳробига ўрнатиладиган Исо пайғамбар, Биби Мариям ва Исонинг ёғочга чизилган икона суратлари, пайғамбарлар ва авлиёлар ҳақидаги ноёб китоблар, Туркистон ўлкасининг сиёсий ва ҳарбий аҳамиятга эга ноёб хариталари, қимматли металдан ишланган Исо пайғамбар ҳаётидан лавҳалар, олтин, кумуш тангалар, 1829-1831 йилларда европалик истеъдодли натуралист рассомлар чизган ноёб суратлар ҳам мавжуд.

– Еростки қисмининг пастки қават ертўлада ғишт териб бекитиб қўйилган хоналар бўлган экан, уларга жадид боболаримиз Мунавварқори Абдурашидхонов, Абдурауф Фитрат, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Авлоний, Абдулла Қодирий каби зиёлиларимизга тегишли бўлган китоблар, журналлар, мақолалари, газеталар, фотосуратлар, кийимлар топилди. Бундан ташқари Тошкент шаҳрида яшаган князь Константинович Романовга тегишли шахсий коллекцияларнинг бир қисми, князь Долгаруков ва князь Галециналарга тегишли бўлган коллекцияларнинг мусодара қилинганини бир қисми сақланган. Туркистонда қидирув ишларини олиб борган немис, француз сайёҳлари, ҳарбийларнинг хариталари ва Туркистонимиз ҳудуди ҳақида тўплаган маълумотлари сақланганини менга айтишди ва коллекцияда ҳақиқатан ҳам ушбу ашёлар топилди. Уларни тахминан 1937-38 йилларда ўзбек зиёлилари, Туркистон халқ университетининг фахрий устозлари беркитишга улгурган. Коллекцияни топганимда ростини айтаман, Ўзбекистондан, халқаро ташкилотлардан, жисмоний ва юридик шахслар томонидан ноқонуний ўзлаштиришга уринишлар бўлди. Хориж давлатларидан бир гуруҳ вакиллар Ўзбекистонга келишди, учрашишди, лекин ҳозиргача бирорта коллекция йўқолгани йўқ. Бир қисмини Ўзбекистон тарихи музейига топширдик. Бу ишларни қилишда ёрдам берган, хазинани хавфсизлигини таъминлаган, хазинани олиб чиқишда, қазишда иштирок этган, ҳужрага кирган инсонларнинг хавфсизлигини таъминлаганлиги учун Давлат хавфсизлик хизматига ва унинг махсус гуруҳи ходимларига ўз миннатдорлигимни билдираман.

Сирожиддин АҲМЕДОВ,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими:

– Мазкур топилган нарсаларнинг ичида жудаям ноёб китоблар, журналлар, газеталар, буюмлар борки, бугунги кунда нафақат Ўзбекистон, балки дунё миқёсидаги музейлар олиб ҳавас қилиб кўрсатишга арзийдиганлари бор. Шунинг учун ҳам бу укамизни меҳнатини қадрлайман. Муҳаммадбобурнинг қилаётган ишлари каттакон бир институтнинг қилаётган ишлари билан тенг, десам муболаға қилмаган бўламан.

– Коллекцияни ҳозирги кунда саксон фоизи жуда яхши сақланган. Фақатгина йигирма фоиз қисми реставрацияга муҳтож. Мана шу реставрация ишлари якунлангач уни кенг жамоатчиликка, халқимизга кўргазма экспозицияси сифатида музейларга қўйиш бизнинг навбатдаги мақсадимиз.

Жаннат ИСМОИЛОВА, Ўзбекистон тарихи давлат музейи директори:

– Халқимиз маданиятини, тарихини бир қисмини тўлдириб берадиган осори-атиқалар музейга келади. Муҳаммадбобурга ўхшаган фуқароларимиз кўп бўлсин. Фуқароларимизнинг уйларида турган қўлёзмалар, уй-рўзғор буюмлари, кийимлар бор. Бу буюмлар бора-бора ўз қийматини, сифат даражасини йўқотиб боради. Мен фуқароларимизга шундай буюмлари бўлса, музейларга топширишини сўрайман, улар уйингизда 50-100 йил турса, музейларда минг, икки минг йил яшайди. Сиз топширган ашё тарихнинг очилмаган бир қиррасини очишга ёрдам беради.

Бу ашёларнинг барчаси тарихнинг биз билмаган номаълум саҳифаларини очишга, янги-янги тадқиқотларнинг юзага келишига асосий манба бўлиб хизмат қилса ажаб эмас. Зеро, Муҳаммадбобур каби фидойи ватандошларимиз бор экан ҳали кўплаб маданий бойликларимиз мамлакатимиз музейларини безайди, тарихимиз янгидан-янги маълумотлар билан бойиб бораверади.

 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!