Тошкентдаги янги арт-безакларнинг барчаси ўзбек менталитетига мосми?

Тошкентдаги янги арт-безакларнинг барчаси ўзбек менталитетига мосми?

«Халқ сўзи»да журналист Назар Эшонқулнинг пойтахтда пайдо бўлаётган арт-безаклар, декоратив ҳайкалларнинг қанчалик менталитет ва миллий дидга мослиги тўғрисидаги фикр-мулоҳазалари акс этган мақоласи чоп этилди. Қуйида мақола тўлиқлигича эътиборингизга ҳавола этилади.

Бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари дунё аҳли эътиборида. Шаҳар-у қишлоқларимиз қиёфаси тубдан ўзгаряпти. Шуниси аҳамиятлики, ҳудудларнинг обод, файзли, замонавий бўлиши учун барча соҳа вакили астойдил интилмоқда. Буни шаҳарларимизда пайдо бўлаётган арт-безаклар, декоратив ҳайкаллар, вектор-дизайнлар мисолида кўриб турибмиз. Бироқ, афсуски, уларнинг ҳаммасини ҳам дидимизга, менталитетимизга, ўзлигимизга мос, деб бўлмайди.

Ватан ичра катта уйимиз

Кейинги ойларда Тошкентда пайдо бўлган янги арт-объектлар ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинди. Уларнинг азим кентимиз қиёфасига мос тушмагани ҳақида танқидий мулоҳазалар билан бирга, «замонавийлик», «дунё билан бўйлашиш» белгиси экани тўғрисидаги фикрлар ҳам янгради. Биз бу борада ўз мушоҳадаларимизни билдиришга қарор қилдик.

Аввало, янги арт-объектлар ҳақида. Уларнинг ижодкорлари пойтахтимизга бугунги дунё санъати, архитектурасидаги энг сўнгги анъаналарга суянган ҳолда ўзига хос модерн манзара олиб кирмоқчи бўлишмоқда. Бу интилиш таҳсинга сазовор. Аммо гап шундаки, ушбу арт «асарлар» ҳам руҳан, ҳам маънан, ҳам семиотик, ҳам тафаккур нуқтайи назаридан миллий менталитетга хос эмас. Айнан шунинг учун, ижтимоий тармоқлардаги эътирозларга кўра, аксарият кишилар бу «ноёб» композицияларни қабул қилолмаяпти. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ҳар қандай асар, модерн, постмодерн, абстракт ёки авангард усулида бўладими, миллий тафаккур тарзига, воқеликни миллий англаш ҳолатига асосланмас экан, у нафақат биз, маҳаллий аҳоли учун, балки объект ижодкорлари кўзда тутган шаҳримизга келаётган меҳмонлар учун ҳам тушунарсиз ва бегона бўлиб қолаверади.

Мамлакатимизга ташриф буюраётганлар аллақачон оммавийлашиб бўлган усулдаги «арт маҳсулотлар»ни эмас, балки миллий руҳ, миллий тафаккур тарзи, миллий маданият унсурлари барқ уриб турган, миллий дизайнга эга шаҳарларни кўришни истайди. Уларга шу жиҳати қизиқ. Бу —факт! Шунинг учун ҳам кентларимиз қанчалик миллий руҳда безатилса, уларда қанчалик миллий руҳдаги «арт-объектлар» кўп бўлса, шунча умуминсоний, умумбашарий мазмун касб этаверади. Бу — санъатда ҳам, маданиятда ҳам аксиома! Мазкур талабни тушунмаслик ёки менсимаслик, умуман санъатни ва маданиятни тушунмаслик билан баробар.

«Арт-объект» мавзусига қайтадиган бўлсак, бизнингча, бу ерда худди ана шу нарса — миллий руҳ, миллий семиотика орнаментлари етишмаяпти. Агар разм солсангиз, биронта манзарада миллий колорит, миллий фикрлаш маҳсули бўлган чизгини кўрмайсиз. Ваҳолонки, ўарбда пайдо бўлган модернизм услуби ҳам ўарб тафаккур тарзи устига қурилган. Айни сабабдан ҳам бу усул уларга тушунарли, ҳазм ва қабул қилиш осон кечган. Ҳар қандай модерн услубдаги асарда ғарб руҳияти, хусусан, қадим маданияти орнаменти, белгиси, тимсоли билиниб, кўриниб, асос бўлиб туради. Муҳокама қилинаётган арт-объектларда эса бунинг аксини кўрамиз: фикрлаш тарзи, орнаментлар бизга ёт, бегона. «Энди абстракт тасаввур маҳсули-да», деб ўзимизни овутмайлик, ҳатто капалак тасвири ҳам бизга «юқмайди». Афсуски, барча соҳани ўзига бўйсундириб олаётган глобаллашув миллий маданият, миллий анъаналар, миллий муҳитни ёки четлаб, ёки эътиборсиз ўтишни ўргатмоқдаки, шу жиҳати билан миллий ўзлик, миллий маданият, миллий қадриятларга дахл қилмоқда. Бу ерда ҳам ана шу жараённинг таъсири сезиляпти.

Халқимизда «Чироғи ёниқ уй» деган тушунча бор. Бунинг тагида бутун бошли қарашлар, удумлар, халқимизнинг макон ва масканни муқаддас деб билган қадрияти тажассуми ётади. Аждодларимиз «уй» деганда фақат бошига пана бўлувчи иншоотни тушунмаган: «уй»га бутун бошли тушунчалар, фалсафалар, қадриятлар, энг муҳими, эътиқод кўзи билан қарашган. Хусусан, бошпана фақат ўзлари эмас, балки аждодлар, ота-боболар руҳи, фаришта ва илоҳлар ҳам яшайдиган, оилани ёвуз кучлардан, ёвуз ниятлардан, ёвуз руҳлардан асрайдиган макон — катта олам ичидаги кичик олам, кичик илоҳий маскан деб тасаввур қилинган, шунинг учун ҳам муқаддас саналган. Табиийки, уйдаги ҳар бир безак шу қарашдан келиб чиққан, шу эътиқодни намоён қилиб турган. Зотан, Ватан энг катта уйимиз бўлса, унинг пойтахти — Ватан ичра катта уйимиз, мамлакатимиз, ўзлигимиз остонаси, миллий маданиятимиз, миллий таянчларимизни кўз-кўз қиладиган асосий саҳна.

Қадриятларимизни улуғлайлик

Юртимизда қадимий шаҳарлар жуда кўп: Сурхондарёдан тортиб, Қорақалпоғистону Фарғонагача бўлган ҳудудда ёши 2000 — 3000 йилликка тақаладиган, тупроқ остида қолган ўнлаб қадимий кентларимиз топилмоқда. Улар халқимизнинг шаҳарсозлик маданияти ҳақида етарлича маълумотлар беряпти. Муҳими, бу жойларнинг ҳар бир ғиштидан тортиб, кошинигача маълум бир мақсад ва ҳикмат билан қўйилганига амин бўлмоқдамизки, бу хил тарихий масканларимиз аждодларимизнинг фақат иқтисодий-меъморий, ишлаб чиқариш ривожини эмас, балки тафаккур тарзи ҳамда маънавий соҳада эришган ютуқларини, соддароқ қилиб айтсак, иймон, эътиқод, эзгулик ва ёвузлик, ҳаёт ҳамда абадийлик ҳақидаги қарашларини ҳам кўз-кўз қилиб тургани билан аҳамиятлидир. Шаҳарларимиздан топилган семиотик осориатиқалар аждодларимизнинг бизга моддий кўринишда қолдирган ҳикматлари ва битикларидир.

Семиотика маълум бир халқнинг энг қадимги ва замонавий белгиларга муҳрланган тимсоллар тизимини ўзида акс эттиради. Шу маънода, бу хил белгилар миллий ўзлик, хусусан, миллий тафаккур тарзи билан бевосита боғлиқ. Ана шу жиҳатига кўра, Ю.Лотман, Ч.Пирс каби файласуфлар уларни «миллий хусусиятларни ташувчи белгилар» ҳам деб аташган. Шунинг учун миллий семиотика бугунги кунда шаҳарсозлик маданиятининг, шаҳарлар дизайнининг ажралмас қисми, асоси бўлиб қолмоқда.

Миллий каштачилигимиз, гиламдўзлигимиз, дўппидўзлигимиздаги нақшу нигорларнинг ўзиёқ бутун бошли семиотик ансамблни ташкил қилади. Уларга аждодларимизнинг ўлмас ҳикматлари жо бўлган. Халқ амалий санъати аслида ҳарфларсиз ёзувлардир. Уларни ўқиш, англаш, замонавий истеъмолга олиб кириш давр талаби. Мисол учун, бодом гули рамзи ўзбек дўппиларининг асосий безаги. Айнан шу сайқални Хитойнинг «Ин»и ҳамда «Ян»и каби ибтидо ва интиҳо, азал-абад уйғунлиги тарзида шарҳловчилар бор. Ёки дўппимиздаги белгиларни космогоник қарашлар тимсоли сифатида қабул қилувчилар ҳам мавжуд. Умуман, халқимиз амалий санъати, нақш-у нигорлари, осори-атиқаларининг ўзи бир китоб. Унда олам ва одам ҳақида кўплаб ҳикматлар бор. Бу белги ҳамда тимсолларни тушунмаслик, билмаслик, эътибордан четда қолдириш —уларнинг эскириб кетганини, моҳияти йўқолганини билдирмайди. Аслида миллий нақшу нигорлар, осориатиқалар, яъни семиотик белгилар миллий санъат, адабиёт, маданиятнинг, жумладан, бугунги миллий шаҳарсозлик безакларининг, дизайнининг ҳам асоси саналади.

Миллий руҳ сезилиб туриши зарур

Ҳар бир меҳмон, айни пайтда шу юрт фуқароси ҳам Лондон манзараларида инглиз, Римда италян, Токиода япон, Деҳлида ҳинд, Рио-де-Жанейрода португал-испан ва ҳиндуларнинг қоришиқ маданиятини, Мехикода мексиканча колоритни, руҳни ҳис қилади. Пойтахтлардаги ҳар детал, ҳар бир манзара, кўринишнинг ўзиёқ сизга шу мамлакат, ўша халқ ҳақида етарлича тасаввур беради. Модерн санъат ва адабиётда етакчи бўлган Париж ҳамда Мадридда омма учун ўрнатилган авангард ҳайкаллару маҳобатли санъат намуналарида ҳам шу давлатларнинг миллий қиёфаси бўртиб турганини кўрамиз.

Агар Пекинга борган бўлсангиз, шаҳарнинг иллюстратив дизайни асосида Хитой миллий қадриятлари, урф-одатлари, мифологик ва халқ қаҳрамонлари, халқ оғзаки ижоди образлари, амалий санъат нақшу нигорлари, миллий семиотик белгиларнинг замонавий талқинларига — интерпретациясига дуч келасизки, модерн, абстракт, авангард манзараларда ҳам Хитой миллий руҳини ҳис қилиб турасиз.

Истанбулда арт-объектларни қўйиб турайлик, ҳатто дунёнинг ишлаб чиқариш стандартига тўлиқ бўйсундирилган сим-ёғочлару чироқлар ҳам туркий халқлар, жумладан, турк халқининг азалий маданияти, азалий қарашлари, илдизларини намоён этиб туради. Бу шаҳардаги арт-композициялар ҳам қадимги семиотик белгилар, нақшларнинг замонавий талқинидан иборат. Оддий бир чизгиси ҳам ўзининг турк маданиятига дахлдор эканини эслатиб, туркияликларга ғурур ва ифтихор бағишлайди.

Гонконг эса хитой феншуйи — «шамол ва сув» уйғунлиги шаклида қурилган. Кейинги юз эллик йилда қанчалик ғарблашмасин, у ҳар бир манзарада ўзининг шарқона қиёфасини, дизайнини, манзарасини сақлаб қолган.

Бу саноқни хоҳлаганча давом эттириш мумкин. Фақат бу саноқда бизнинг шаҳарларимиз, хусусан, бош кентимиз — Тошкент ҳам туришини истаймиз.

Яна ўша арт-объект ҳақида...

Арт-объектдан мустаҳкам жой олган юрак тимсоли бир пайтлар шўро тузуми ёшларининг «эркин муҳаббат» рамзи эди: уни дарахтларга, дафтарларга, симёғочларга ўйиб ёзишарди.

Бу тимсол, аслида, авлиё Валентин куни тимсоллари билан чамбарчас боғлиқ. Биз Валентин кунининг, умуман, бу хил «муҳаббат изҳорлари»нинг миллий менталитетимизга ёт эканини гапириб, тарғиб қилаётганимизда шаҳримиздан ташвиқотимизга, қолаверса, мафкуравий сиёсатимизга зид бўлган арт-композициялар жой олаётганига нима дейсиз? Бир кунда бу «юраклар» остидан Валентин куни руҳини бошдан кечириб, нечта йигит-қиз ўтади, улардан қанчасининг кўнглига бу «юрак» ўз таъсирини ўтказади экан?

Фақат бу эмас, бошқа арт-композициялар ҳам миллий тафаккур тарзимиздан узоқ, уларни кўрганда ё ҳеч нарса тушунмаймиз ёки бизга ётлигини билдириб турган манзарадан дилхиралик уйғонади. Ҳолбуки, шаҳарсозликда бу хил арт-композициялар ёшларда, умуман, фуқароларда Ватанга, миллатга, халққа, унинг маданиятига, она шаҳрига муҳаббат ва ғурур уйғотиши, инсонпарварлик, ватанпарварлик, халқпарварлик, миллатпарварлик ғояларини тарғиб қилиши, энг асосийси, омма учун бирдек тушунарли бўлиши керак. Коммуникационлик — шаҳар безаклари, умуман, шаҳар маданиятининг биринчи талаби. Бунга жавоб бермаган асарларни, қанчалик оҳанраболи, қанчалик бадиий, қанчалик чуқур мазмунли бўлмасин, яхшиси кўргазмада ёки музейда кўрган афзал.

Хўш, нега шаҳримизни безашда миллий асосларимизга — миллий меросимизга мурожаат қилмай, виқор ва гўзалликни бошқа ердан излаяпмиз? Бунинг учун нима керак? Аслида, кўп нарса керак эмас. Бор-йўғи миллий маданиятдан, миллий семиотикадан хабардорлик, ватанпарварлик, ўз тарихи, ўз маданиятидан ғурурланиш хоҳиш-истаги! Шу холос! Бу борада бизга амалий санъатимиз нақшу нигорлари, орнаментлари, халқ оғзаки ижоди қаҳрамонлари, мифологик образлар, энг муҳими, бугун музейларни безаб турган қадимги шаҳарларимиз осориатиқалари, умумлаштириб айтганимизда, миллий семиотикамиз ҳамиша мададга тайёр турибди.

Миллий белгиларимиз, тимсолларимизни замонавий кўринишда, бугунги шаҳарсозлик талаби бўлган модерн талқинда шаҳарларимизнинг визуал ва иллюстратив манзараларига татбиқ этишимиз мумкинми? Мумкин, албатта. Бу билан биз кўп нарса ютамиз. Жумладан, шаҳримизга ташриф буюрганларга миллий маданиятимизни тарғиб қилган бўламиз, Ватан маданиятидан ифтихор туйғусини кучайтирамиз, ёшларнинг миллий семиотикамиз тимсолларига яширинган оила, уй, Ватан, олам, одам ҳақидаги ҳикматларни англашларига, қолаверса, миллий маданият, миллий муҳит, яъни миллий ўзлик руҳида тарбияланишига беқиёс хизмат қилган бўламиз.

Manba: daryo. uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!