Тошкентдаги оилалардан бири оғир аҳволда эканлиги маълум бўлди

Тошкентдаги оилалардан бири оғир аҳволда эканлиги маълум бўлди

“ИИББ: Аҳоли билан мулоқот” Facebook-гуруҳига келиб тушган хабарда Тошкент шаҳрининг Мирзо-Улуғбек туманида яшовчи бефарқ бўлмаган аёл қўшни уйда яшовчи нохуш ҳаёт тарзи кечирувчи оила ҳақида хабар берди. Хусусан, алоқага чиққан аёл мазкур манзил бўйича яшовчи оила спиртли ичимликлар истеъмолига рўжў қўйиб, уч нафар вояга етмаган фарзандларига эътибор бермаслигини маълум қилди.

Мазкур хабар Тошкент шаҳар ИИББ матбуот-хизмати ходимлари томонидан Мирзо-Улуғбек тумани ИИО ФМБ 6-сон ички ишлар бўлимига текширув учун йўналтирилди. 6-сон ИИБ ходимлари мазкур оиладан хабардор эканликларини, улар илгари ҳам спиртли ичимликлар ичиб, карантин чекловлари даврида ишсиз қолишганини ва молиявий қийинчиликка учраганликларини маълум қилишди. Ўша даврда мазкур оилага пластик карточка орқали моддий ёрдам кўрсатилган, шунингдек Мирзо-Улуғбек тумани ИИО ФМБ ходимлари уларга озиқ-овқат маҳсулотлари билан ҳам ёрдам беришган.

Бугунги кунда эр-хотин – 28 ёшли С.Г. ва 33 ёшли А.М. ўз шароитларини яхшилашга бор кучларини ишга солишган. Оила аёли ишга жойлашди, эри эса сантехника таъмири бўйича хизмат кўрсатмоқда. Ходимлар мазкур хонадондан хабар олишганида хонадон озода, болалар (8 ёш, 2 ёш ва 6 ойлик) иссиқ кийинишган, уларнинг ота-оналари спиртли ичимликлар истеъмолидан бош тортиб, хатоларни ўнглаш йўлига ўтган эдилар.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!