Тошкентдаги мактаблардан бирида болаларнинг пайпоғини текшириб, калта пайпоқлиларни суратга олишган – манба

Тошкентдаги мактаблардан бирида болаларнинг пайпоғини текшириб, калта пайпоқлиларни суратга олишган – манба

Тошкентдаги мактаблардан бирида болаларнинг пайпоғини текшириб, калта пайпоқлиларни суратга олишган. Бу ҳақда "Bloger Shahnoza" телеграм канали ёзмоқда.

"Кеча ўғлимнинг синфига кириб, дарс пайти болаларнинг оёқ кийимини ечтириб, пайпоғини кўришибди: калтами-узунми? Калта пайпоқли оёқларни суратга олишибди (бола ҳуқуқлари? У нима???). Буни ЛГБТга қарши кураш деб тушунтиришибди.

Ифтор пайти шу мавзу кўтарилди уйда. Боланинг саволлари кўпайган: жавоб берсак, қизим эшитиб ўтирибди, бермасак, бўлмайди. 

Дарс ўрнига ЛГБТ мавзусини ортиқча эслатадиган маърузалар кириб бордими мактабларга? Абсурд даражага олиб чиқяпсизлар-ку антитарғиботни. Мавзуни ёпинглар энди, ҳеч бўлмаса мактабларда!  Мен буни ҳам ЛГБТ тарғиботи деб баҳолайман, қора пиар ҳам пиар, ахир. 

Суриштириб кўрсам, Халқ таълими тизимидан бундай топшириқ тушмаган. Демак, бошқа бир ташкилотнинг топшириғи (балки, кимнингдир шахсий ташаббусидир - яхши гумон). Биз болаларимизни мактабга жўнатар эканмиз, уларнинг таълимини ҳам, тарбиясини ҳам ўзимиз танийдиган, болаларимиз билан бевосита мулоқотда бўладиган ўқитувчисига ва мактабга ишонамиз. Бироқ мактабга хўжайин кўп, ҳамма ўзининг йўл харитасини, дастурини бажариши керак, шунга дарс пайти эшикни тепиб кириб бораверишади. Дарс муқаддас, таълим муқаддас деган тушунча йўқ. Ҳар сафар болалар мактабдан "дарсда формамизни текширди, галстук тақмаганларни уришди" деб келганида, барбод бўлган дарсга ачинаман. 

Бир пайтлар камолотчилар дарсларни бузганида, жамоатчилик қаршилик кўрсатган эди. Энди маънавиятчиларга ўтдими эстафета??? 

Масалан, кеча тарбия соатига айланиб, ЛГБТнинг калта пайпоққа боғлиқлиги тўғрисида маъруза ўқилган 20 дақиқа (шартли) ЎЗБЕК ТИЛИ дарси ҳисобидан кетди, тил жонкуяри сифатида менга икки карра аламли бу ҳол. Шу 20 дақиқалик билимнинг ўрнини қачон тўлдириш тўғрисида  ўша “йўл харита”ларида нимадир дейилганми? Нечта синфда қанчалаб 20-30 дақиқалар кетяпти бунга? Саводи, билими бўлмаган одамни маънавиятли қилиш мушкуллигини, ҳамма эзгуликлар, юксак маънавият ҳам, аввало билим ва савод устига қурилишини билмаймизми? Юмшоқ тарғибот йўлидан бориб, тарбияни дарс ва таълим тизимига аралашмаган ҳолда, дарсларда маъруза эмас, дарсдан ташқарида юксак қадриятларни акс эттирган санъат, адабиёт асарларини саҳналаштириш, томоша қилиш, бепул тўгараклар фаолиятини ривожлантириш орқали амалга оширса бўлмайдими? 

Айтганча, ким қайси конспирологик назарияга ишонса, ўзининг иши. Лекин бола пайпоғининг узунлигини ўзи ва ота-онаси ҳал қилади!", дея ёзади муаллиф.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!