Тошкентдаги жиноят: "Шу ишни ҳал қилиб беринг, қуруқ қўймайман!"

Тошкентдаги жиноят: "Шу ишни ҳал қилиб беринг, қуруқ қўймайман!"

Мажбурий ижро бюросининг Шайхонтоҳур туман бўлими томонидан тумандаги қандолат ишлаб чиқариш цехларининг бирида ўтказилган текширишда электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилиши оқибатида давлат манфаатларига 116 миллион 900 минг сўм миқдорида зарар етказилганлиги аниқланади. Бу ҳақда aniq.uz нинг ишончли манбаси хабар берди.

Қилмиши фош бўлган тадбиркор А.В. негадир зарарни қоплаш ҳақида эмас, суриштирувчининг қўйнига қўл солиб кўриш ни маъқул кўрди. Суриштирувчини секин четроққа тортиб, зарарни камайтириб берса, уни қуруқ қўймаслигини, бу орқали 5 миллион сўм ишлаб олиши мумкинлигини айтади. Бу ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилмаслиги учун яна 5 миллионнинг баҳридан ўтишини билдиради.

МИБ суриштирувчисининг билдиргиси асосида Мажбурий ижро бюросининг Шайхонтоҳур туман бўлими ва туман прокуратураси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда А.В. текширишда аниқланган қоидабузарлик бўйича зарарни камайтириб кўрсатиш ҳамда мазкур тўпланган ҳужжатлар бўйича жиноят иши қўзғатмаслик эввазига пора тариқасида 10 миллион сўм берган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Шу куни яна бир пора бермоқчи бўлган шахсга нисбатан ҳам тезкор тадбир ўтказилди. Гап шундаки, тадқиқот институтларининг бирида ҳам МИБ ходимлари томонидан электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолати аниқланиб, бунинг натижасида давлат манфаатларига 399 миллион 170 минг 112 сўм зарар етказилган эди.

Қоидабузарлик аниқлангач, институт бош энергетиги И.Н.нинг пайтавасига қурт тушиб қолди. Дарҳол суриштирувчи билан келишиш га ҳаракат қилиб, 2 000 АҚШ доллари эвазига уни ўз томонига оғдирмоқчи бўлади.

Мажбурий ижро бюросининг Шайхонтоҳур туман бўлими ва туман прокуратураси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда бош энергетик институтда электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолати юзасидан ўтказилган текширишда аниқланган қоидабузарлик бўйича зарарни камайтириб кўрсатиш ҳамда мазкур тўпланган ҳужжатлар бўйича жиноят иши қўзғатмаслик эввазига таклиф қилинган суммадан 450 минг сўмини берган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!