Тошкентда ўрнатиладиган тиббий контейнерлар аҳолига стационар эмас, балки тезкор бирламчи тиббий хизмат кўрсатишга мўлжалланган

Тошкентда ўрнатиладиган тиббий контейнерлар аҳолига стационар эмас, балки тезкор бирламчи тиббий хизмат кўрсатишга мўлжалланган

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида ўрнатиладиган тиббий контейнерлар хусусида танқидий фикрлар эълон қилинди.

Унда айтилганидек, Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Б.Раҳмоновнинг қарорига кўра, пойтахтдаги 40 та маҳаллага ўрнатилган контейнерларда тиббиёт пунктлари ташкил этилиши белгиланган. Бунинг учун 900 миллион сўм маблағ ажратилади. Йил давомида шаҳар бўйлаб жами 170 та контейнер ўрнатилиши режалаштирилмоқда.

Бу муассасалар барча зарур дори-дармонлар, керакли тиббий буюмлар, жумладан, ЭКГ ва 18 турдаги тиббий асбоб-ускуна ҳамда жиҳозлар билан таъминланади. Эрталаб соат 8:00 дан кечки 20:00 гача ишловчи икки койкали “кичик шифохона”да умумий амалиёт шифокори ва 2 нафар ҳамшира аҳолига мобиль тиббий хизмат кўрсатади.

Бундай маҳалла тиббиёт пунктлари диспансер назоратида турган кексалар, ҳомиладор аёллар ва болаларни тиббий кўрикдан ўтказишда оилавий шифокорга катта енгиллик беради.

Фуқароларнинг эса оддий кўриклар учун ўз ҳудудидаги поликлиникага қатнашига зарурат қолдирмайди. Чунки улар пойтахтнинг аҳоли гавжум бўлган кўп қаватли уйлари ёнига ўрнатилади.

Ушбу пунктларни жиҳозлаш, уларнинг узлуксиз фаолиятини таъминлаш Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан амалга оширилади. Шунингдек, бу кичик муассасаларга электр энергия ва сув тармоқлари тортилиб, иссиқ ҳамда совуқ кунларда ҳаво мўътадиллигини таъминловчи мосламалар ўрнатилади.

Бу тиббий пунктлар беморларнинг стационар даволанишига эмас, балки уларга бирламчи тезкор хизмат кўрсатиш учун мўлжалланган. Ажратилаётган маблағлар эса кичик “поликлиника”да ҳам худди оилавий поликлиникалардаги шароитларни ҳозирлаш учун сарфланади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!