Тошкентда «Tashkent Travel Mart 2022» халқаро кўргазмаси бўлиб ўтди

Тошкентда «Tashkent Travel Mart 2022» халқаро кўргазмаси бўлиб ўтди

17 майда пойтахтдаги «Hilton Tashkent City» меҳмонхонасида B2B форматида «Tashkent Travel Mart 2022» халқаро сайёҳлик кўргазмаси бўлиб ўтди.

Анъанавий тарзда ўтказилувчи «Tashkent Travel Mart 2022» тадбирини Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари - Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов ва Исроил Туризм вазири Ёел Развозов очиб берди.

Тадбир Туризм ва маданий мерос вазирлиги қўллаб-қувватлаши остида Ўзбекистон Хусусий Сайёҳлик Ташкилотлари Уюшмаси (XSTU) томонидан Европа Иттифоқининг « Switch Asia» лойиҳаси, USAIDнинг тадбиркорлик ва бизнес муҳитини ривожлантиришга оид лойиҳаси, Ўзбекистон Республикасининг Германия Федератив Республикасидаги элчихонаси, « ACTED» ва Халқаро Молия Корпорацияси (IFC) кўмагида ташкил этилди.

B2B форматидаги « Tashkent Travel Mart 2022» халқаро сайёҳлик кўргазмаси тармоқлараро мулоқотни кенгайтириш ва янги шароитларда бозорни ривожлантиришнинг мақбул ечимлари ва йўлларини ишлаб чиқиш учун ихтисослаштирилган туристик майдончадир. B2B формати, яъни «бизнес учун бизнес», кўргазмада ихтисослашган ташкилотларга бизнес имкониятларини кенгайтириш, ўз бизнесини юритишдаги кўплаб муаммоларни ҳал этиш, туризм хизматларини таклиф этиш имконини беради.

Таъкидлаш жоизки, жорий йилда кўргазмада Ўзбекистон ва бутунжаҳон сайёҳлик ташкилотларининг энг фаол вакиллари иштирок этди. Булар 10 дан ортиқ давлатларнинг туроператорлар, сайёҳлик агентликлари, меҳмонхоналар, банклар, онлайн хизматлар, суғурта компанияларидан иборат 90 дан ортиқ хорижий компанияларидир. Улар орасида Германия, Чехия, Эстония, БАА, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистондан сайёҳлик соҳаси вакиллари бор.

Мамлакатимизнинг туризм соҳасида мавжуд самарали «яшил» технологиялардан фойдаланиш жаҳонда тобора танилиб бораётган SBT туризмини оммалаштириш халқаро миқёсда туризм саноати салоҳиятини оширишда муҳим омил бўляпти. Шу мақсадда «Tashkent Travel Mart 2022» кўргазмаси Зеро Сарбон Фаир етакчилигида ўтказиляпти.

Тадбир доирасида туризм соҳаси мутахассислари нафақат қизиқарли муаммоларни муҳокама қилиш, балки долзарб саволларга жавоб топиш имконига эга бўлдилар. Шунингдек, потенциал мижозлар ва янги ҳамкорлар билан самарали учрашувлар ўтказилиб, келгусида ҳамкорлик тўғрисида шартномалар тузилди ва меморандумлар имзоланди, деб хабар беради Туризм ва маданий мерос вазирлиги матбуот хизмати.

Маълумот учун: «Tashkent Travel Mart 2022» асосчиси 1998 йилда ташкил этилган Ўзбекистон Хусусий Сайёҳлик Ташкилотлари Уюшмаси (OʼzXSTU) бўлиб, Ўзбекистонда туризм соҳасида фаолият юритувчи энг йирик ва энг қадимги нодавлат, нотижорат ташкилот ҳисобланади. OʼzXSTU илғор хорижий тажриба асосида туризм соҳасида инновацияларни жорий этишга интилади. 200дан ортиқ туроператорлар, меҳмонхона бизнеси ва меҳмон уйлари, хостеллар, туризм бизнеси соҳасидаги дастурий таъминот вакилларини бирлаштирган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!