Тошкентда тадбиркор 81 та дарахтни кесиб ташлади

Тошкентда тадбиркор 81 та дарахтни кесиб ташлади

Тошкент шаҳар экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ўзининг Facebook’даги саҳифаси орқали Яккасарой тумани Юнус Ражабий кўчаси 66/1, 66/2, 66/3, 66/4 ҳамда 72-уйлар оралиғидаги дарахтларнинг кесилиши бўйича маълумотлар билан бўлишди.

Юқорида кўрсатиб ўтилган манзилдаги уйлар оралиғидаги ер майдонида Тошкент шаҳар ҳокимининг 2018 йил 16 апрелдаги 608-сонли қарори билан Buildinig and Supplies МЧЖга кўп қаватли турар жой биноларини қуриш учун майдони 0,5 гектар ер доимий фойдаланишга ажратиб берилган.

Маъмурий суд қарорига кўра, 20 кун ичида Buildinig and Supplies МЧЖ томонидан Тошкент шаҳар ҳокимининг 2018 йил 16 апрелдаги 608-сонли қарорига асосан кириш учун олинган 0,5 гектар ер майдонини бекор қилиш даъво аризасини киритиш мумкин бўлган.

20 февраль куни мазкур ер майдонида жами 81 дона дарахт Buildinig and Supplies МЧЖ томонидан кесилганлиги аниқланган. Жумладан, 6 дона қайрағоч, 3 дона заранг, 1 дона акация, 11 дона айлантус, 24 дона, шумтол, 10 дона сафора, 3 дона эман, 9 дона бруссонетия (қоғоз дарахти), 14 дона тут дарахтлари кесилганлиги маълум бўлди.

Мазкур ҳолат юзасидан ҳудудда истиқомат қилувчи фуқаролар иштирокида далолатнома тузилган ҳамда ашёвий далил сифатида кесилган дарахтлар фотосуратга олинган.

Тошкент шаҳар Яккасарой туман ҳокимлиги томонидан жами 70 дона дарахтни кесилиши юзасидан Buildinig and Supplies МЧЖга 03-06/35 ҳамда 03-06/40 сонли рухсатнома берилган.

Ўзбекистон Президентининг 2019 йил 30 октябрдаги 5863-сонли фармонига асосан дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторий жорий этилган. Мораторий амал қилиш даврида ваколатли давлат органларига давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарнинг қимматбаҳо навларини кесилишига рухсатнома бериш ман этилган.

Мазкур ҳолат юзасидан барча ҳужжатлар Тошкент шаҳар прокуратурасига ўрганиб чиқиб ҳуқуқий баҳо бериш юзасидан 21 февраль куни киритилган.

«Агар Яккасарой тумани ҳокимлигининг қарори ноқонуний деб топилса, ўсимлик дунёсига етказилган зарар 603 миллион 421 минг сўмни ташкил этади», — дейилади хабарда.

«Gazeta.uz»нинг ёзишича, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев 20 февраль куни туман аҳолиси ва тадбиркорлар билан учрашиб, Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими қарори ноқонуний бўлганини айтган.

Пойтахт ҳокимлигининг қарори қабул қилинаётган вақтда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 июлдаги қарори ҳам амалда бўлган. Унга кўра, Тошкентда ер участкаларини ажратишда ҳоким қароридан ташқари махсус комиссиянинг қарори ҳам керак бўлган, бироқ тадбиркорда ушбу қарор мавжуд эмас.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!