Тошкентда ШҲТ туризм форуми бўлиб ўтади

Тошкентда ШҲТ туризм форуми бўлиб ўтади

Жорий йилнинг 19-20 май кунлари Тошкентдаги “Hilton Tashkent City” меҳмонхонасида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг туризм соҳалари вакиллари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтади. Тадбир Ўзбекистон Республикасининг 2022 йилдаги ШҲТ саммитига раислиги доирасида ташкил этилмоқда.

20 май куни академик ва ишбилармон доиралар, шунингдек, ташкилотга аъзо давлатларнинг туризм соҳаси вакиллари иштирокида “ШҲТга аъзо давлатлар ўртасидаги ҳамкорликнинг янги босқичи: туризм ва маданий мерос” номи остидаги туристик форум бўлиб ўтади. Форум иштирокчилари томонидан халқаро туризмнинг долзарб масалалари, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар маданий меросини сақлаш ва тарғиб қилиш, шунингдек, туризм ва маданий мерос соҳасида илмий-техникавий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама этилади.

Йиғилишда туризм соҳалари раҳбарлари туристик саёҳатларни қайта тиклашни жадаллаштириш бўйича қўшма ташаббуслар, туризмнинг иқтисодий ўсиш мултипликатори сифатидаги ролини оширадиган янги лойиҳа ва дастурларни кўриб чиқади.

Бўлажак йиғилишлар кун тартибидан Туризм соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисидаги битим ва ШҲТга аъзо давлатлар ўртасида музей иши соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум лойиҳаларини мувофиқлаштириш ҳам ўрин олган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!